Глобал иқтисодий алоқалар тизими емирилмоқда – Тўқаев
Олам
−
17:32 576 6 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Иштирокчиларни қутлар экан, у Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга саммитнинг пухта ўйланган ташкилотчилиги ва анъанавий самимий меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдирган.
“Сизга маълумки, Қозоғистон ташкилот тамал тошининг қўйилишида иштирок этган. 1991 йилда Олмаота декларациясининг имзоланиши давлатларимиз тарихида ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи бурилиш нуқтаси бўлди. МДҲнинг ташкил этилиши собиқ совет ҳудудида ялпи низоларнинг олдини олиш имконини берди. МДҲнинг жипслаштирувчи миссияси мамлакатларимиз мустақилликни қўлга киритган даврда айниқса ёрқин намоён бўлди дейилса, муболаға бўлмайди. Марказдан қочиш жараёнлари кескинлашган бир шароитда биз тарихий алоқаларни сақлаб қолдик ва давлатлараро ҳамкорликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини барпо этдик”, дейди Тўқаев.
Унинг фикрича, ўтган йиллар давомида Ҳамдўстлик ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг самарали кўп томонлама механизми сифатида қарор топган ҳамда дунёда кенг эътироф этилган.
Президент халқлар дўстлиги, умумий маданий ва маънавий меросни МДҲнинг асосий бойлиги деб атаган. У халқаро муносабатларнинг янги архитектураси шаклланаётгани, глобал иқтисодий алоқалар тизими емирилаётгани, технологик рақобат кескинлашаётгани, ноаниқлик ортиб бораётганини таъкидлаган. Ушбу фонда ҳар бир давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда келишилган ечимларни топиш имконини берувчи тўғридан тўғри ва ишончли мулоқот муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Ишончим комилки, Ҳамдўстликка бўлган барқарор эҳтиёж айнан шу билан изоҳланади. Юбилей йилида Декларацияда мужассам бўлган тамойилларга мурожаат қилишни, босиб ўтилган йўлни англашни ва келажакдаги вазифаларни белгилаб олишни таклиф этаман. Ноябрь ойида Олмаотада Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти (ҚИСИ) шафелигида ушбу тарихий ҳужжатнинг 35 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади. МДҲ давлатлари олимлари, ҳуқуқшунослари, тарихчилари ва экспертларини конференция ишида фаол иштирок этишга таклиф қиламиз”, дейди Тўқаев.
Сўнгра Президент ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берган. Унинг фикрича, улардан биринчиси – МДҲнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини мустаҳкамлаб қўйиш. Ҳамдўстликни ривожлантиришнинг амалдаги Концепцияси 2007 йилда қабул қилинган ва олти йил аввал янгиланган. Дaвлат раҳбари кейинчалик қабул қилинган дастур ва ҳужжатлар соҳавий характерда бўлиб, кўпинча бир-бири билан ўзаро боғланмаганига ишончи комил.
“Уларни ягона ва ўзаро боғлиқ тизимга бирлаштириш мумкин деб ҳисоблайман. Биз, МДҲга аъзо давлатлар, бир саволга жавоб беришимиз керак: узоқ муддатли истиқболда Ҳамдўстликни қандай кўришни хоҳлаймиз ва у Евроосиёнинг жадал ўзгариб бораётган геосиёсий архитектурасида қандай ўрин эгаллаши керак? Шу сабабли Ижроия қўмитага мамлакатларимиз ҳукуматлари билан биргаликда МДҲни 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишга киришишни таклиф қиламан”, дейди Президент.
У давлатлар учун фундаментал аҳамиятга эга бўлган устувор йўналишларга – иқтисодиёт, энергетика, инфратузилма, юқори технологиялар ва инсон капиталига эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлаган.
Президентнинг сўзларига кўра, иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда саноат-технологик шерикликни такомиллаштириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Қозоғистон учун МДҲ мамлакатлари бозорлари анъанавий равишда катта аҳамиятга эга – уларга мамлакат ташқи товар айланмасининг чорак қисмидан кўпроғи тўғри келади.
“Биргаликда ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишда ҳам салмоқли тажриба тўпланди. Масалан, Қозоғистоннинг Россия иштирокидаги саноат лойиҳалари портфелида умумий қиймати 61 млрд долларлик 178 та лойиҳа ва ташаббус мавжуд бўлиб, улардан 124 таси аллақачон амалга оширилган. Эрон ва Ўзбекистон билан тахминан икки млрд долларлик 80 та лойиҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда. Беларусь билан махсус ва қишлоқ хўжалиги техникаларини биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган”, дейди Тўқаев.
Давлат раҳбари МДҲнинг саноат-технологик лойиҳалари портфелини шакллантиришни таклиф қилган.
Сўнгра у саммит иштирокчиларига Қозоғистон бир вақтнинг ўзида Россия йўналишида, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан чегараларда чегараолди саноат-савдо марказлари тармоғини барпо этаётгани ҳақида ахборот берган. Саноат ва савдо ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида ҳуқуқий база яратилган.
Нутқда ҳамкорликни кенгайтиришнинг яна бир истиқболли йўналиши сифатида транспорт алоқаларини ривожлантириш ва транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш тилга олинган. Қозоғистон учун Шимол – Жануб, Ғарбий Хитой – Ғарбий Европа коридорлари, шунингдек, Транскаспий йўналиши устувор ҳисобланади. Уларнинг уйғун ўзаро боғлиқлиги бутун қитъалараро ташувлар тизими самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради.
“Устувор вазифа – бу “ягона рақамли коридор”ни шакллантиришдир. Бизнинг таклифимизга кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан рухсатнома ҳужжатларини электрон алмашиш жорий этилди. Россия Федерацияси ва Беларусь билан ҳам шундай ишлар олиб борилмоқда. Россия томони билан биргаликда май ойида илк трансчегаравий пилотсиз юк ташувлари йўлга қўйилди. Энг самарали ечимларни бутун МДҲ ҳудуди бўйлаб кенгайтиришни амалий жиҳатдан мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман”, дейди Қозоғистон раҳбари.
Қосим-Жомарт Тўқаев сунъий интеллект (СИ) соҳасида тажриба ва энг яхши амалиётлар билан алмашиш механизмини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурган. Унинг фикрича, янги технологияларни ўзлаштириш ва ўз ишланмаларини жорий этиш қобилияти МДҲ мамлакатлари иқтисодиёти рақобатбардошлигининг асосий омили бўлиб хизмат қилади. Шунга кўра, Президент 2027 йилнинг биринчи чорагида Остонада МДҲ шафелигида СИ соҳаси мутахассислари иштирокида махсус форум ўтказишни таклиф қилган.
Давлат раҳбарининг фикрича, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга, чунки айнан яқин инсоний алоқалар, ўзаро ишонч, бир хил менталитет ва рус тили МДҲнинг ўзига хос хусусияти асосида ётади.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда рус тилининг беқиёс аҳамиятини ҳам таъкидлаш муҳимдир. У ўзаро англашувга, таълим, илмий ва инсоний алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади. Бу инкор этиб бўлмайдиган факт. Шу сабабли ҳурматли ҳамкасбларимдан Халқаро рус тили ташкилоти фаолиятини қўллаб-қувватлашни сўрайман. Дунёда 300 миллионга яқин киши ушбу тилни турли даражада билишини ҳисобга олсак, ушбу ташкилотнинг истиқболи порлоқ эканига ишончим комил. Шу билан бирга, МДҲ давлатларининг тил ва маданият ранг-баранглигига авайлаб муносабатда бўлишни сақлаш, барча халқларнинг тарихи, анъаналари ва маданиятига тегишли ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, халқларимизни яқинлаштириш учун гуманитар соҳада янада самарали ҳамкорлик шаклларини излаш жуда муҳимдир”, дейди Тўқаев.
Унинг фикрича, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш принципиал жиҳатдан муҳимдир. Президент буни таълим, соғлом фикрлаш ва уйғун ривожланишнинг асоси деб атаган.
“Бу интернет-диктатура шароитида, айниқса, ёшлар орасида TikTok-менталитети ва шунга мос хулқ-атвор каби ҳодисани келтириб чиқарган шароитда жуда муҳимдир”, дейди Қозоғистон етакчиси.
Қозоғистонда Миллий китоб куни таъсис этилган, “Миллат ўқийдиган 100 та китоб” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
“Ушбу ғояни ривожлантиришни ва халқларимиз адабиётининг сара намуналарини ўз ичига олган “МДҲнинг Олтин кутубхона фонди”ни яратишни таклиф этаман. Ушбу фонд Остонада қурилиши келаси йил ўрталарида якунланадиган Президент кутубхонасида жойлаштирилиши мумкин. Лойиҳа ҳамма учун очиқ рақамли кутубхона яратиш орқали профессионал таржималарни ўз ичига олиши мумкин”, дея таклиф билдирган Тўқаев.
Президент, шунингдек, Ҳамдўстликнинг халқаро алоқаларини кенгайтириш зарур деб ҳисоблайди. Хусусан, у мамлакат таклифига кўра МДҲ ҳузурида Кузатувчи ва МДҲ Шериги институтлари таъсис этилганини эслатиб ўтган. Ушбу йўналишнинг мантиқий давоми сифатида “МДҲ плюс” формати яратилган.
“Кейинги қадам биринчи “МДҲ плюс” саммитини ўтказиш бўлиши мумкин деб ҳисоблайман. Олий даражадаги бундай учрашув ҳамкорлик географиясини кенгайтиради, ташкилотнинг Евроосиё миқёсидаги очиқ ва талабгир майдон сифатидаги ролини оширади. Қозоғистон Евроосиё хавфсизлиги ва ҳамкорлиги концепцияси устида, ушбу ҳужжатнинг ижобий, низосиз хусусиятини назарда тутган ҳолда, конструктив руҳда биргаликда ишлашни давом эттириш ниятида”, дейди у.
Якунда давлат раҳбари 35 йил давомида Ҳамдўстлик давлатлар ва халқлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланганини таъкидлаган ва 2027 йилда Ўзбекистоннинг МДҲда бўлажак раислигини қутлаган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь