Дунёда зиддиятлар ортиб, иқтисодий алоқалар қайта қурилмоқда – Шавкат Мирзиёев

Local

−

image

Дунё тубдан ўзгармоқда, зиддиятлар ортиб, одатий иқтисодий алоқалар қайта қурилмоқда. Бу ҳақда бугун, 9 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида сўз очди.

Шавкат Мирзиёевнинг нутқидан асосий фикрлар:

  • “Ҳамдўстликнинг 35 йиллик даврида кўп нарсалар ўзгарди, аммо энг асосий масала ўзгармасдан қолди: мамлакатларни яқин инсоний муносабатлар, умумий тарих ва ҳамкорликнинг улкан салоҳияти боғлаб келмоқда”;
  • “Дунё тубдан ўзгармоқда, зиддиятлар ортиб, одатий иқтисодий алоқалар қайта қурилмоқда. Бундай вазиятда ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни тез-тез уйғунлаштириб бориш ва келишувларнинг реал натижа беришига эришиш айниқса муҳимдир”;
  • Давлатларнинг умумий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ва савдо-инвестиция соҳасидаги шерикликни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди;
  • Товар айирбошлашдан қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирларини биргаликда яратишга босқичма-босқич ўтиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди;
  • Эркин савдо зонасининг чекловларсиз тўлиқ фаолият юритишини таъминлаш зарурлигига урғу берилди;
  • Техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатлари ўзаро тан олинишини таъминлаш ва давлат харидларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш муҳим экани кўрсатиб ўтилди;
  • Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича давлат харидлари соҳасида ўзаро бозор очишни кенгайтириш тўғрисидаги битим, шунингдек, Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастури тез фурсатларда келишиб олиниши ва тасдиқланишига умид билдирилди;
  • Озиқ-овқат ва ўғитлар экспортига чекловлар киритишдан олдин ўзаро хабардор қилиш ва маслаҳатлашиш механизмини жорий этиш таклиф қилинди;
  • Интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ҳамда МДҲда ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди;
  • Туркманистон томонининг 2029 йилни Ҳамдўстликнинг транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилиш ҳақидаги ташаббуси қўллаб-қувватланди;
  • Минтақанинг энергетик жиҳатдан боғлиқлигини яқин ўн йилликларда ривожлантириш бўйича узоқ муддатли прогноз зарурлиги қайд этилди;
  • Кам углеродли технологияларни жадал жорий этиш ва ёпиқ циклдаги ишлаб чиқаришларни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун МДҲнинг ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф қилинди;
  • Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси форматини кенгайтириш орқали маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш учун яхши имкониятлар мавжудлиги билдирилди;
  • “Маданий сиёсат ва креатив индустриялар” форумини ташкил этиш таклиф қилинди;
  • Кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида Ички ишлар вазирлари кенгашига МДҲ Қўшма алоқа марказини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топшириш таклифи билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг 2027 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги даврида устувор аҳамиятга эга бўладиган йўналишларни баён қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends