Глобал фалокат юз берганда яшаб қолиш учун энг хавфсиз давлат қайси?

Олам

image

Глобал фалокат юз берган тақдирда инсоният омон қолиши учун энг қулай мамлакат Австралия деб топилди. Бу ҳақдаги тадқиқот “Global chellenges” сайтида эълон қилинди.

Тадқиқотларга кўра, халқаро олимлар гуруҳи вулқон отилиши, ядровий уруш, астероид тўқнашуви, глобал пандемия ёки инфратузилманинг издан чиқиши каби кенг кўламли фалокатлар юз берганда қайси мамлакатларда яшаб қолиш имконияти юқорироқ эканини ўрганди.

Тадқиқотда глобал хавфлар уч асосий тоифага ажратилган. Биринчиси – қуёш нурининг кескин камайиши. Бундай ҳолат вулқон отилиши, ядровий уруш ёки астероид қулаши оқибатида юзага келиши ва иқлимнинг совишига, ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, электр таъминотининг узоқ муддатга узилиши ҳам жиддий хавф сифатида баҳоланган. Бунга ядровий портлаш, кучли геомагнит бўрон ёки глобал киберҳужум сабаб бўлиши мумкин. Энергетикага боғлиқ ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигининг издан чиқиши озиқ-овқат танқислигини келтириб чиқариши эҳтимоли бор.

Бундан ташқари, глобал биологик хавфлар, жумладан, ўта хавфли юқумли касалликларнинг тарқалиши ҳам ўрганилган. Бундай пандемиялар соғлиқни сақлаш тизимига босимни ошириб, ишчи кучи камайиши сабабли озиқ-овқат таъминотига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Олимлар мамлакатларнинг бундай инқирозлардан кейин тикланиш қобилиятини ҳам баҳолаган. Бунда давлат институтларининг мустаҳкамлиги, иқтисодий фаровонлик, ижтимоий тенглик, саноат ва қишлоқ хўжалигининг ривожланганлиги, географик изоляция, иқтисодиётнинг хилма-хиллиги ҳамда ташқи савдога қарамлик даражаси ҳисобга олинган.

Натижада Австралия глобал фалокатларга энг чидамли мамлакат сифатида қайд этилди. Унинг асосий устунликлари географик жиҳатдан узоқда жойлашгани, ривожланган қишлоқ хўжалиги ва саноат салоҳиятига эгалиги билан изоҳланган. Бироқ Австралия ҳам мутлақ хавфсиз ҳудуд эмас. Мамлакат ёқилғи, дори-дармон ва ўғитларнинг айрим турларини импорт қилишга қарам.

Тадқиқотчилар, шунингдек, Янги Зеландия, Япония, Швейцария ва Аргентинани ҳам юқори даражадаги барқарорликка эга давлатлар қаторига киритган. Шу билан бирга, уларнинг айримлари юқори сейсмик фаоллик ҳудудида жойлашгани ва узун соҳил чизиғига эгалиги сабабли цунами каби хавфларга дуч келиши мумкин.

Олимларнинг фикрича, бундай мамлакатлар келажакда глобал фалокатлар юз берганда озиқ-овқат ва уруғлик захираларини сақлаш, шунингдек, халқаро ёрдам ва фавқулодда вазиятларга жавоб қайтариш марказларига айланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исландия, Янги Зеландия, Швейцария, Словения ва Ирландия дунёдаги энг хавфсиз 5 та давлат деб тан олингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг