Глинка кўчасидаги портлаш сабаби маълум бўлди
3-саҳифа
−
13:49 6009 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Глинка кўчасида юз берган аварияга ерости газ қувуридаги сизиб чиқиш сабаб бўлгани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ, “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали мазкур ҳудуддан юқори босимли газ қувури ўтмагани ҳамда содир бўлган ҳодиса табиий газ тармоқлари билан боғлиқ эмаслиги, шунингдек, ўрганишлар давомида газ сизиб чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмаганини маълум қилган эди. Бироқ шаҳар ҳокимлиги берган маълумот бу хабарнинг аксини кўрсатмоқда.
Пойтахт ҳокимлигининг дастлабки маълумотларга кўра, диаметри 219 мм бўлган ерости газ қувуридан сизиб чиққан газ иссиқлик тармоғи камерасида тўпланиб, авария ҳолатини юзага келтирган. Текширув давомида газ қувурининг тахминан 375 кв см (15×25 см) майдонида бир нечта жойдан газ сизиб чиқаётгани аниқланган.
“Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳар ҳокимлиги учун нафақат ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, балки унинг сабабларини чуқур ўрганиш, муҳандислик тармоқларининг ҳолатини текшириш ва бундай ҳолатлар такрорланишига йўл қўймаслик принципиал аҳамиятга эга”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, айни пайтда соҳа мутахассислари ҳодиса сабаблари ва барча тафсилотларни батафсил ўрганишда давом этмоқда. Текширув якунлангач, йўл қопламасини тиклаш ишлари давом эттирилади ва яқин вақт ичида йўл транспорт ҳаракати учун очилади.
Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якунларига кўра, айбдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 сентябрь куни Яккасарой туманининг Глинка кўчасида юқори босимли труба ёрилиши оқибатида йўл қопламасининг бир қисми ўпирилган эди. Ҳодиса оқибатида бир киши жароҳатланган.
Live
Барчаси