Зангиотадаги портлашга нима сабаб бўлгани очиқланди

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган автомобилларга суюлтирилган газ тўлдириш шохобчасида (АГТШ) юз берган портлашнинг дастлабки сабаблари маълум бўлди. Бу ҳақда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.

Ҳодиса жорий йилнинг 16 июль куни соат 22:46 ларда Зангиота тумани Эркин маҳалласидаги “Оҳангарон газ тўлдириш шохобчаси” МЧЖга қарашли АГТШда содир бўлган эди.

Дастлабки ўрганишларга кўра, мазкур шохобчага фақат автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш учун рухсат берилган бўлишига қарамай, белгиланган талаблар бузилиб, маиший газ баллонларига ҳам газ тўлдирилган.

Қайд этилишича, ҳодиса вақтида Labo русумли автомобилда олиб келинган 6 дона 100 литрли маиший газ баллонига қўлбола тайёрланган ўтиш мосламаси орқали газ қуйилаётган бўлган. Учинчи баллон тўлдирилаётган вақтда шланг ёрилиб, уланган жойидан ажралиб чиққан. Босим остидаги шлангнинг қаттиқ жисмга урилгани оқибатида чақнаш юз бериб, газ баллонлари кетма-кет портлаган. Ҳодиса оқибатида 2 та газ баллони портлаган, яна 4 таси ёниб, механик деформацияга учраган.

Портлаш оқибатида 3 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш тан жароҳатлари олган. Улардан икки нафарининг аҳволи ўрта оғир, бир нафарининг эса аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Ҳозирда ҳодиса жойида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси мутахассислари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Портлаш ва ёнғиннинг аниқ сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид комплекс экспертиза тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлган эди. Шунингдек, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг