Энди Арманистонга Россия керак эмас
Таҳлил
−
12 Июнь 9084 8 дақиқа
Ва ниҳоят, Арманистоннинг ғарбпараст ҳукумати сайловда ғалаба қозонди. Бош вазир Никол Пашинян жорий йилнинг 7 июнь куни муддатидан олдин ўтказилган парламент сайловларида нафақат ҳукуматни сақлаб қолди, балки танланган геосиёсий йўналиши қай даражада қатъий эканлигини ҳаммага кўрсатиб қўйди. Бу ғалаба арман халқининг энди Москвага эмас, Европа ва АҚШга дўст тутинишининг расмий ифодасидир.
Бир неча йиллар олдин Россия билан апоқ-чапоқ бўлган Арманистон бугун буткул бошқа қоидалар, бошқа ҳамкорлар томон интилмоқда. Хўш, нега? Россия вақт синовидан ўтмадими?
Тарихий хулоса
Пашиняннинг бугунги ғарб томонга бурилиш қарори ортида бир қатор йиғилиб қолган сабаблар бор.
Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг, Арманистон геосиёсий зиддиялар ботқоғида қолиб кетди. Бир томонда 1915-йилги Арман геноцидидан бери алоқалари узилган Туркия, бошқа томонда Озарбайжон билан ҳудудий келишмовчиликлар. Бундай вазиятда тоғлар орасидаги кичик бир давлатча учун “омон қолиш” мақсадида “катта оға” билан ҳарбий иттифоқ тузиш йўли танланди.
1996 йили мамлакат ҳудудида Россиянинг 102-ҳарбий базасини (Гюмри шаҳрида) жойлаштириш бўйича расмий битим имзоланди. Бу ўз навбатида Ереваннинг Москва ҳимоясида эканлигини билдирарди. Аммо Кремль Арманистоннинг ҳарбий қўлловга мухтожлигидан ўз мақдасида фойдаланди. 2002 йилда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзолик тўғрисида келишув ва 2014 йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га қўшилиш тўғрисида ҳужжат имзоланиши Арманистонни тобора Россия таъсирига тушириб қўйди. Москва билан ҳамкорлик аста-секин қарамлик даражасига тушиб қолди.

Узоқ вақтли Кремлга ишонч Қорабоғ урушидан кейин якунига етди. 2020 йил куз ойларида Озарбайжон Тоғли Қорабоғга кенг кўламли ҳарбий ҳужум бошлади. Туркия Озарбайжонни замонавий қуроллар, дрон технологияси ва ҳарбий маслаҳатчилар билан таъминлади ва бу воқелик урушда ҳал қилувчи омиллардан бири бўлди. Иккинчи Қорабоғ урушида ҳам Озарбайжон ва унинг ҳамкорлари Арманистон устидан ғалабани қўлга киритди.
Арманистон эса, КХШТ аъзоси сифатида иттифоқчиси – Россиядан ёрдам кутди. Аммо Россия “бошини оғритишни” истамади. 44 кунлик урушда Арманистон Тоғли Қорабоғнинг катта қисмини йўқотди. Юзбоши тузган тинчлик шартномаси ҳам аслида мағлубиятнинг дипломатик баёни эди.
Россиянинг 2022 йил февралида Украинага бостириб кириши вазиятни янада мураккаблаштириб юборди. Уруш Москвани Боку билан яқинлашишга мажбур қилган бўлса, Ереванга ваъда қилинга ҳарбий таъминотнинг узилишига олиб келди. Арманистон буни “ортидан пичоқ уруш”, деб қабул қилди.
2022 йилнинг сентябрида Озарбайжон бу сафар халқаро тан олинган Арманистон ҳудудига ҳужум қилди. Горис, Жермук, Варденис, Сотк ва Капан каби шаҳарлар катта талофат кўрди. На КХШТ, на Россия Арманистонга ёрдамга келди. Ереван буткул ёлғизланиб қолди.
2023 йил 19 сентябрда Озарбайжон Тоғли Қорабоғга “антитеррор операцияси” деб номланган кенг кўламли ҳужумни бошлади. Қорабоғ маъмурлари операцияда камида 200 киши ҳалок бўлганини билдирди. Икки кундан сўнг, Озарбайжон минтақа устидан тўлиқ назоратни қўлга киритганини эълон қилди. 120 000 нафар арман ота-боболаридан қолган юртини тарк этишга мажбур бўлди.
“Биз Рим статутини 2022 йил декабрь ойида ратификация қилиш тўғрисида қарор қабул қилдик, ўшанда барчамизга КХШТ ва Арманистон-Россия стратегик ҳамкорлиги ҳужжатлари Арманистоннинг ташқи хавфсизлигини таъминлаш учун етарли эмаслиги ва бу қарор ҳеч қандай тарзда КХШТ ёки Россия Федерациясига қарши қаратилмаганлиги аён бўлди. Бу бизнинг ташқи хавфсизлик манфаатларимиздан келиб чиқади ва бундай қарор қабул қилиш бизнинг суверен ҳуқуқимиздир”, деган эди Пашинян.
Пашинян 1991 йилдан бери фақат Россияга таяниб келганини хато деб баҳолади. Айнан мана шу – Арманистон ва Россиянинг 30 йиллик иттифоқининг инқирози бўлди.
Ғарбга юзланиш
Арманистоннинг Россиядан кўнгли қолди. Кўрсатилган ишонч Москва томонидан оқланмагач, Ереван ғарбга юзланишга мажбур бўлди. 2023 йил 3-октябрь санасида мамлакат Миллий Ассамблеяси (парламенти) хавфсизлик инқирозларидан сўнг, Рим статутини расман ратификация қилди. Шу йилнинг ўзида Арманистон Мудофаа вазири Сурен Папикян ва Франция Мудофаа вазири Себастьян Лекорню Парижда биринчи расмий ҳарбий шартномаларни имзоладилар. Унга кўра, ҳаво мудофаасини кучайтириш учун “Thales” компаниясидан 3 та замонавий Ground Master 200 (ГМ200) радар тизими, қисқа масофали Мистрал зенит-ракета мажмуалари ва қатор ҳарбий анжомларни Арманистонга сотишга келишиб олинди.
Қисқа вақт ичида, нафақат Европа, балки АҚШ ҳам Ереванга ҳарбий ҳамкор сифатида чиқиб кела бошлади. АҚШ ва Арманистон ҳарбийлари ўртасида халқаро тинчликпарвар миссияларга тайёргарлик кўриш доирасида ҳар йили ўтказиладиган қўшма ҳарбий машғулотлар тўғрисида келишувлар имзоланиб Eagle Partner 2023 ва Eagle Partner 2024 қўшма машқлари амалга оширилди.
Тез орада ҳамкорлик янги даражага кўтарила бошлади, 2025 йил 14 январда Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян томонидан АҚШ-Арманистон стратегик шериклик хартияси тузилди. 2026 йил 26 май куни эса, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Ереванга ташриф буюрди ва аэропорт маросимида иккала мамлакат ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги низомни имзолади.
“Бу келишув ушбу тарихий йўналишни ҳақиқатга айлантириш, тинчликни мустаҳкамлаш ҳамда Арманистонда ва очиғини айтганда, бутун минтақада фаровонликни ошириш йўлида шу кунгача ташланган энг катта қадамдир. Бироқ, бизнинг муносабатларимиз шунчаки ТРИПП (Транспорт барқарорлиги ва инфратузилмани режалаштириш дастури) билан чекланиб қолмайди. Биз уни жуда кўп турли йўналишларда ривожлантирмоқдамиз ва бу ушбу маъмуриятнинг энг муҳим устувор вазифаларидан биридир”, деганди Марко Рубио.
Рақобатчисининг “яна бир қадам яқинлашганини” Москва жиддий қабул қилди. Россия Энергетика вазири Сергей Сивилевнинг Арманистонга йўллаган расмий хати очиқчасига Арманистонга таҳдид қилди. Унда агар Ереван ЕИ билан яқинлашиш йўлида давом этса, 2013 йилги келишув – газ, нефть маҳсулотлари ва олмос етказиб беришдаги бож имтиёзлари бекор қилиниши айтилган эди.
Арманистон учун Россия билан ёнилғи савдоси ниҳоятда муҳим. Мамлакатга келадиган газнинг 80–85 фоизи ва нефть маҳсулотларининг 60 фоиздан ортиғи Россиядан келарди.

Бундан ташқари июнь бошида Кремль Россиянинг Арманистондаги элчиси Сергей Копиркинни маслаҳатлашувлар учун Москвага чақириб олди ва Ташқи ишлар вазирлиги ушбу қадамни расмий равишда Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиш “ҳаракатлари”га жавоби эканини билдирди.
Остона шаҳрида бўлган ЕОИИ саммитида эса Россия, Беларус, Қирғизистон ва Қозоғистон Арманистонни имкон қадар тезроқ референдум ўтказиб, ЕИ ва ЕОИИ ўртасида аниқ танлов қилишга чақирди. Владимир Путин ҳатто “юмшоқ ва маданиятли ажралиш” формуласини таклиф қилган бўлиб, бу амалда ультиматумнинг дипломатик кўриниши эди.
Россияга яқин Беларус резиденти Александр Лукашенко эса, Ереванга тўғридан-тўғри жиддий огоҳлантириш берди.
“Арманлар жуда эҳтиёт бўлишлари керакки, Худо асрасин, Украинада юз берган воқеалар такрорланмасин”, деди у.
Аммо таҳдидлар шу билан тугамади. Россия Арманистондан гуллар, минерал сувлар ва коньяк олиб киришга вақтинчалик тақиқ ҳам жорий этди. Москва томонидан ишлатилган бу босимни қайсидир маънода Арманистоннинг ички ишларига аралашиш дейиш мумкин.
Ўз навбатида, Пашинян сайловолди кампанияси доирасида чиқиш қилиб, мамлакат мустақилликка эришганидан бери амал қилиб келган “Ё ўлим, ё ҳурлик” шиорини “Озод давлат” деб ўзгартириш кераклигини таъкидлади.
“Биз ўлим ва ҳурлик ўртасида танлов қилмаслигимиз керак. Биз яшашимиз ва озод бўлишимиз керак”, дейди у.
Шу йилнинг 4 июнь куни бўлган дебатда Пашинян КХШТга (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) аъзолик масаласида ҳам аниқ гапирди. Дебат жараёнида “Кучли Арманистон” партияси вакили Нарек Карапетян Пашинянга КХШТдаги “аъзоликни музлатиб қўйиш” бўйича савол бериб, нега ташкилотни танқид қила туриб, мамлакат ундан чиқиб кетмаётганини сўраган. Бош вазир эса, агар керак бўлса, Арманистон ташкилотни тарк этишини айтган.
“Биз қарор қиламиз ва чиқамиз. Керак бўлса, чиқамиз, мен ортга қайтмаслигимизни айтганман”, дейди Пашинян.
Аслида, Арманистон Тоғли Қорабоғ можароси пайтида Арманистонга ёрдам берилмагани учун аллақачон КХШТдаги иштирокини музлатиб қўйиб бўлган. Кейинги қадам, ташкилотни буткул тарк этишдир.
Тарихий ғалаба
7 июнь куни Арманистонда муддатидан олдин ўтказилган парламент сайловларида 2,49 миллион сайловчи овоз бериш ҳуқуқига эга эди. Сайловда 16 та партия ва 2 та сиёсий блок иштирок этди. Сайлов натижаси нафақат ҳукумат таркибини, балки мамлакатнинг келгусидаги йўлини ҳам белгилаб берарди ва шундай ҳам бўлди. Россия босимига қарамасдан, Арманистоннинг Ғарбпараст маъмурияти, яъни Никол Пашинян партияси ҳокимиятда қолди. Натижаларга кўра:
“Фуқаролик шартномаси” (Пашинян) ~50,07%
“Кучли Арманистон” (Карапетян) ~23,35%
“Арманистон” блоки (Кочарян) ~9,96%
“Фаровон Арманистон" (Царукян) ~3,98%

Якуний натижага кўра, янги парламентда фақат уч сиёсий куч – “Фуқаролик шартномаси”, “Кучли Арманистон” ва “Арманистон” блоклари вакиллари бўлади.
Бу сайлов натижалари ўз навбатида арман халқининг хоҳишларини ўзида намоён этди. Халқаро Республика институти томонидан 2026 йил 5-11 май кунлари 1511 нафар респондент ўртасида ўтказилган сўровда ҳам фуқароларининг 75 фоизи мамлакатнинг ЕИга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаганини ҳисобга олсак, сайлов якунини олдиндан прогноз қилиш мумкин эди. Яъни Пашинян ғалабаси – халқнинг иродаси.
Қисқа қилиб айтганда, Пашинян бу гал ҳам уддалади. Аммо ниманинг эвазига? НАТОга қўшилмоқчи бўлган Украинанинг бугунги аҳволини кўриб турибмиз. Энергетика, ҳарбий ва яна бир қатор соҳаларда Россияга боғланиб қолган Арманистоннинг Москвадан юз ўгириши қандай оқибатларга олиб келади?
Албатта, кутувлар хавотирли. Аммо шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Арманистон Украина каби чегарадош давлат эмас. Бу фактор унинг Россия учун геосиёсий аҳамиятини пасайтиради. Бундан ташқари, Украинадаги уруш ҳам Москвани етарлича холдан тойдирди. Ҳали эски урушни тугатмай туриб, янгисини бошлаш, ҳатто, Путин учун ҳам оғирлик қилади.
Россия билан ажралиш шубҳасиз жароҳатларсиз бўлмайди. Аммо янги дўстларни тўғри танлай билиш бу жароҳатларни тезроқ битишига ёрдам беради.
Live
Барчаси