Германиядаги АҚШ авиабазасида қирувчи самолёт қулаб тушди 

Олам

image

Бугун, 22 сентябрь куни Германиянинг Рейнланд-Пфальц федерал ерида жойлашган АҚШ авиабазасида F-16 қирувчи самолёти ҳалокатга учради. Минтақа ҳокимияти органлари бир киши жароҳатланганини маълум қилмоқда. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳарбий самолёт билан боғлиқ ҳодиса Рейнланд-Пфальц еридаги АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Шпангдалем авиабазасида содир бўлган. Айфель-Битбург-Прюм тумани ҳокимияти камида бир киши жароҳатланганини маълум қилган.

Гувоҳлар база ҳудуди тепасида жуда катта қора тутун устунини кўрган. Шпайхер шаҳри мэри Бирте Томсен реактив самолётнинг баландликни тез йўқотганини, шундан сўнг база тепасида тутун кўтарилганини кўрганини айтган. Ҳодисадан олдин базадан иккита самолёт ҳавога кўтарилган. Улардан бири, тахминларга кўра, ҳалокатга учраган.

Воқеа жойига фавқулодда хизматлар юборилган. Авиабазага маҳаллий ёнғин хавфсизлиги хизмати чақирилган, бироқ ҳодиса бевосита Америка объекти ҳудудида юз бергани сабабли кейинчалик улар қайтариб олинган.

Нашрнинг қўшимча қилишича, Шпангдалемда F-16 қирувчи самолётлари билан қуролланган АҚШ ҲҲКнинг 52-қирувчи авиақаноти жойлашган. Ҳалокат сабаблари ва самолётнинг аниқ тури ҳозирча очиқланмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинага чегарадош ҳаво ҳудудида Россия Аэрокосмик кучларининг жанговар авиацияси иштирокида жиддий авиаҳалокат содир бўлганди: Курск вилояти осмонида парвоз топшириғини бажариш чоғида “4++” авлодига мансуб иккита Су-35С кўп мақсадли қирувчи самолёти ўзаро тўқнашиб кетган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг