Германияда жазирама 12,5 минг одамнинг “бошини еди”
Олам
−
12:19 706 2 дақиқа
Германияда жазирама қурбонлари сони 12,5 мингга етди. Роберт Кох институти бу кўрсаткич сўнгги 10 йилдаги энг юқори натижа эканини билдирди. Бу ҳақда DW хабар берди.
Қайд этилишича, бу кўрсаткич эҳтиёткорлик билан ҳисобланган бўлиб, иссиқ ҳаво сабабли вафот этганлар сони амалда бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.
Маълум қилинишича, 12,5 минглик кўрсаткич Германияда сўнгги 10 йилдаги энг юқори натижа ҳисобланади. Аввалги рекорд 2018 йилда қайд этилган бўлиб, ўша йили жазирама иссиқ туфайли қарийб 9,4 минг киши вафот этган. 2019 йилда эса бу кўрсаткич 7,7 мингга яқин бўлган.
Жазираманинг энг кучли таъсири Саар ва Рейнланд-Пфальц федерал ерларида кузатилган. Бу ҳудудларда ҳар 100 минг аҳолига мос равишда 43,4 ва 38,7 та ўлим ҳолати қайд этилган. Мамлакат бўйича ўртача кўрсаткич эса ҳар 100 минг кишига 15 та ўлимни ташкил этмоқда.
Ёш гуруҳлари бўйича энг кўп қурбонлар 85 ёш ва ундан катталар орасида қайд этилган бўлиб, қарийб 6,3 минг кишига етган. 75–84 ёшдаги 3,1 мингдан ортиқ одам жазирама иссиқ оқибатида вафот этган.
Ҳозир Германияда яна иссиқ ҳаво тўлқини кузатилмоқда. Бироқ у июнь охиридаги жазирамага қараганда нисбатан яхшироқ. Ўша пайтда мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошган. Ҳисоб-китобларига кўра, фақат июнь ойидаги жазирама Германияда қарийб 5,1 минг кишининг умрига зомин бўлган эди.
Шунингдек, жорий йилнинг июнь ва июль ойлари Ғарбий Европада кузатувлар тарихидаги энг иссиқ давр бўлган. Европанинг иқлим ўзгаришини кузатувчи Copernicus хизмати маълумотларига кўра, ушбу икки ойда ўртача ҳарорат 1991–2020 йиллардаги кўрсаткичдан 2,79 даражага юқори бўлган.
Германиянинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах жазирама иссиқнинг оқибатларига қарши чораларни кучайтиришга чақирди. У мамлакат бўйлаб иссиқ ҳаво бўйича ахборот порталлари ва ишонч телефонларини ташкил қилиш зарурлигини билдирган.
Германия Атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги давлат котиби Ёхен Фласбарт эса 2027 йилнинг ёзигача экстремал иссиққа қарши миллий режа ишлаб чиқишни таклиф қилган.
Немис шифохоналари ассоциацияси эса тиббиёт муассасаларидаги совитиш тизимларини модернизация қилиш зарурлигини билдирган. Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозирда Германия клиникаларидаги палаталарнинг фақат кичик қисми кондиционерлар билан жиҳозланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда жорий йил бошидан буён юқори ҳароратлар оқибатида қарийб 10 минг киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси