Германияда автомобиль оломон устига бостириб борди. Қурбонлар бор
Олам
−
13:27 1715 2 дақиқа
Кеча, 4 май куни Германиянинг Лейпциг шаҳрида автомобиль одамлар тўпланган жойга бостириб бориши оқибатида икки киши ҳалок бўлди ва яна кўплаб одамлар жароҳат олди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият маълумотларига таяниб, BBC хабар берди.
Ҳодиса кеча, 4 май куни тушдан кейин содир бўлган. Лейпциг шаҳар ҳокими Буркхард Жунг маълум қилишича, гумонланувчи сифатида 33 ёшли Германия фуқароси қўлга олинган. Ҳозирча унинг ҳаракати ортидаги сабаб номаълум.
Полиция маълумотига кўра, автомобиль шаҳар марказидаги Гримма кўчаси ҳудудида тўпланиб турган бир нечта одамни уриб кетган ва шундан сўнг ҳаракатни давом эттирган. Жами 22 киши жароҳат олган, улардан уч нафари оғир аҳволда. Саксония ерлари раҳбари Мишель Кретщмер гумонланувчи аввал руҳий касалликдан азият чекканини билдирган.
“Биз ҳозир икки нафар ҳалок бўлган инсон учун мотам қилмоқдамиз, яна уч нафар оғир жароҳат олган ва кўплаб жабрланганлар бор. Буни сўз билан ифодалаш жуда қийин”, дейди шаҳар ҳокими Буркхард Жунг.
Прокуратура ҳалок бўлганлар 63 ёшли аёл ва 77 ёшли эркак эканини маълум қилган. Улар Германия фуқаролари бўлган. Ҳозирча ҳодисада диний ёки сиёсий мотивлар борлиги тасдиқланмаган. Гувоҳларнинг айтишича, автомобиль юқори тезликда ҳаракатланган. Айримлар қаттиқ зарба овозини эшитганини билдирган. Воқеа вақтида айрим одамлар яқиндаги дўконларга қочиб кирган.
Маълумот ўрнида, сўнгги йилларда Германияда автомобиль орқали амалга оширилган ҳужумлар бир неча бор кузатилмоқда. 2024 йил декабрида Магдебург шаҳридаги Рождество ярмаркасидаги ҳужумда камида олти киши ҳалок бўлган ва 300 дан ортиқ одам жароҳатланган. 2025 йил февраль ойида эса Мюнхен шаҳрида автомобиль одамлар орасига кириб кетиши оқибатида камида 30 киши жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда мактабга ҳужум қилиб, 9 кишини ўлдирган руҳий хаста аёл ҳибсга олинганди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси