Германия “Толибон” билан расмий алоқа ўрнатди
Олам
−
15 Сентябрь 2025 2676 2 дақиқа
Германия Ички ишлар вазирлиги кеча, 14 сентябрь куни, “Толибон” муваққат ҳукумати билан алоқалар ўрнатилганини расмий тарзда тасдиқлади. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Александр Добриндтнинг сўзларига таяниб, “Die Welt” газетаси хабар берди.
Вазирнинг тушунтиришича, ҳаракат аъзолари билан алоқа ўрнатишдан мақсад – Афғонистонга кўпроқ одамларни депортация қилиш учун “амалий тўсиқларни” бартараф этиш.
“Биз Афғонистонга мунтазам ва даврий қайтишни таъминламоқчимиз. Шу мақсадда афғон вакиллари билан техник даражада музокаралар олиб борилмоқда”, деган вазир.
Бундан аввал “Bild” газетаси Ички ишлар вазирлигининг Афғонистонга депортациялар бўйича “Толибон” билан тўғридан тўғри музокаралари ҳақида хабар берган эди. Нашр маълумотларига кўра, сентябрь бошида Германия Ички ишлар вазирлиги вакиллари депортациялар учун мунтазам механизм ўрнатиш масаласида Қатарда толиблар билан учрашган. Ҳозир эса федерал ҳукумат вакиллари музокараларни давом эттириш мақсадида Афғонистон пойтахти Қобулга сафар учун тайёрламоқда.
Хабарларга кўра, музокараларнинг мақсади Германиядан Афғонистонга депортация жараёнларини соддалаштириш ва кенгайтиришдан иборат. Депортациялар нафақат чартер рейслар орқали, балки мунтазам авиарейслар орқали ҳам амалга оширилиши кўзда тутилган. Лойиҳа амалга оширилишида яна Қатар воситачилик қилиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.
Маълумот учун, Германия 2021 йил, яъни “Толибон” ҳокимиятга келганидан сўнг ҳуқуқий таъқиб хавфи остида бўлган афғонлар, жумладан, Германия муассасаларида ишлаганлар учун махсус қабул дастурини жорий қилганди. Бу дастур орқали баъзи бир афғонистонликларга мамлакатга кириш имкони яратилган. Бироқ 2025 йилнинг май ойида Германиянинг ҳукмрон коалицияси бу дастурни тўхтатиб қўйди. Шунга қарамай, айрим афғонлар судга мурожаат қилиб, ўзлари ва оила аъзолари учун Германияга кириш ҳуқуқини қўлга киритмоқда. Германия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда судларда шундай 85 та иш кўриб чиқилмоқда. Дастурнинг бекор қилинишига эса Германияда муҳожирлар томонидан содир этилган қатор шов-шувли ҳужумлар яққол асос бўлди. Масалан, жорий йилнинг 22 январь куни Бавариянинг Ашаффенбург шаҳрида мамлакатда бўлиш ҳуқуқига эга бўлмаган 28 ёшли афғонистонлик шахс одамларга пичоқ билан ҳужум қилган. Ҳужум оқибатида икки ёшли бола ва 41 ёшли эркак ҳалок бўлган, яна уч киши, жумладан, бир бола жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияга афғонистонлик бўлган 45 нафар фуқаро етиб боргани ва уларга мамлакатга кириш учун рухсат берилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025