1 еврога қаср, 20 млн еврога таъмир: Германияда ғайриоддий савдо бўлади

World

−

image

Германиянинг Саксония ерида қарийб 800 йиллик тарихга эга Шнадитц қасри атиги 1 евро рамзий нархда сотувга қўйилди. Бироқ уни тўлиқ таъмирлаш учун тахминан 20 миллион евро талаб этилади. Бу ҳақда “BILD” нашри хабар берди.

Шнадитц қасри қарийб 800 йиллик тарихга эга бўлиб, умумий майдони 1 012 квадрат метрни ташкил этади. Қаср ичида рицарлар зали сақланиб қолган, бино эса сув билан тўлдирилган ҳандақ билан ўралган. Шунингдек, унинг иккита минораси бор. Қаср узоқ йиллардан бери бўш турган.

“Мен қасрнинг сақлаб қолинишини истардим. Бу бино минтақа ва Саксония учун муҳим аҳамиятга эга. Ташқи кўриниши яхши ҳолатда эмас, кўп иш қилиш керак. Аммо томи бутун”, дейди маҳаллий ҳоким Маттиас Митт.

Қаср бир вақтлар фон Засниц оиласининг қароргоҳи бўлган. Ушбу оила немис ёзувчиси Генрих фон Клейстнинг “Михаэль Кольхаас” новелласи орқали адабий машҳурликка эришган. 1945 йилда урушдан кейин қаср жойлашган мулк мусодара қилинган. Германия Демократик Республикаси даврида бинода турар жойлар, маҳаллий маъмурият, сартарошхона, почта бўлими ва болалар боғчаси фаолият юритган.

2014 йилда америкалик аёл ва унинг ўғли қасрни қайта тиклаб, у ерда меҳмонхона, барбекю ресторани ва вино бари очишни режалаштирган. Лойиҳага миллионлаб евро инвестиция киритиш ваъда қилинган бўлса-да, амалда тахминан 400 минг евро сарфланган. 2018 йилда олди-сотди шартномаси бекор қилинган ва қаср яна шаҳар мулкига қайтарилган.

Энди маҳаллий ҳокимият тарихий бинога янги эга топмоқчи. Уни меҳмонхона, қариялар парваришлаш уйи, ўқув маркази ёки интернатга айлантириш мумкинлиги айтилмоқда.

Бироқ қасрни таъмирлаш учун тахминан 20 миллион евро талаб этилади. Бундан ташқари, бино давлат муҳофазасидаги тарихий ёдгорлик ҳисоблангани сабабли, ундаги барча таъмирлаш ишлари ёдгорликларни муҳофаза қилиш органлари билан келишилиши керак. Бу эса тиклаш жараёнини янада чўзиши мумкин.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends