Германия Марказий Осиёнинг суверенитети учун ўта муҳим – Олаф Шольц
Олам
−
18 Сентябрь
5211Жорий йилнинг 15-17 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Марказий Осиёда, айнан, Ўзбекистон ва Қозоғистонда бўлган Германия канцлери Олаф Шольц Марказий Осиё давлатлари суверенитети ҳақида гапирди. Бу ҳақда у Қозоғистондаги оммавий ахборот воситалари билан учрашувда сўз очди.
Унга кўра, Марказий Осиё агар Германия билан муносабатларини мустаҳкамлаб олса, улар ўз мустақиллиги ва суверенитети устида ишлашлари осон бўлади.
“Марказий Осиё билан ҳамкорлик масаласига келсак, шуни таъкидлаш керакки, биз уларни қўллаб-қувватлашни, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни давом эттирамиз. Бу улар учун яхши хабардир. Улар Германия билан яқинлашса, ўз мустақиллиги ва суверенитети устида ишлашлари осон бўлади”, деган у.
Унинг маълум қилишича, Марказий Осиё давлатларининг бошқа яхши шериклари бор бўлган тақдирда ҳам Германия улар учун муҳимлигича қолаверади.
Маълумот учун, Олаф Шольцнинг журналистлар билан мазкур мулоқоти ўзи томонидан ташкиллаштирилган бўлиб, Қозоғистон у билан қўшма конференцияни бошлаш арафасида матбуот анжумани ўтказишни бекор қилган. Ўзбекистон эса аввалдан конференция ўтказишга рози бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, Олаф Шольц 15 сентябрь куни Ўзбекистонга келганди. Самарқандда у Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди. 16 сентябрда Шольц ва Мирзиёев икки давлат ишбилармон доиралари билан учрашди ва қўшма Бошқарув кадрларини тайёрлаш мактабини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Шу куни Шольц Қозоғистонга бориб, Президент Қосим-Жомарт Тўқаев билан тор ва кенгайтирилган доираларда музокаралар ўтказди. 17 сентябрда эса Остонада иккинчи “Марказий Осиё - Германия” саммити бўлиб ўтди. Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида ўтган тадбирда Германия федерал канцлери Олаф Шольц, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.
Марям Чориева
LiveБарчаси