Германия мактабларида мигрантлар сони бўйича чеклов жорий этилиши мумкин
Олам
−
12 Июль 2025 1749 2 дақиқа
Германия Таълим вазири Карин Прин мамлакатдаги мактабларда мигрант болалар учун квоталар жорий этишни кўриб чиқишни таклиф этди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” (DW) хабар берди.
Нашрга кўра, амалдор буни “эҳтимолий модель” деб атаган ва максимал рақам қанча бўлиши мумкинлигини тушуниш учун бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганишни таклиф қилган. Масалан, “30 ёки 40 фоиз”.
Шимолий Рейн – Вестфалиядаги бошланғич мактаб директорининг айтишича, унинг мактабидаги ўқувчиларнинг 80 фоиздан ортиғи мигрант оилалардан. У Приннинг таклифи амалда ишламаслигини таъкидлайди.
“Бизда бу ерда шунчаки етарли миқдорда немис тилида сўзлашувчи ёки “немис” деб аташ мумкин бўлган одамлар йўқ”, дейди у DW билан суҳбатда.
Қайд этилишича, таълим сифатига катта эътибор қаратадиган кўплаб немис оилалари бу каби мактаблардан қочади, чунки мигрант илдизларига эга болалар сонининг кўплиги уларнинг ўз фарзандларининг муваффақиятларига салбий таъсир кўрсатишидан хавотир олади. Ўқитувчилар, ота-оналар, ўқувчилар ва мутахассислар бир масалада якдил, яъни Германия таълим тизими ислоҳотга муҳтож.
Хусусан, директор таълим тизимида фарқловчи (дифференциал) ёндашув йўқлигидан норозилигини билдирган.
“Ҳозирча ўқишни ўйлашга қодир бўлмаган, руҳий жароҳат олган қочқин болалар, ўқишга кучли мотивацияга эга бўлган қочқин болалар ва оиласи қашшоқликдан қочган қочқин болалар – буларнинг ҳар бири бошқа-бошқа ҳикоя”, дея фикр билдирган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда шу каби ҳолат ва норозиликлар фонида мигрант болаларнинг мактабларга қабул қилиниши учун рус тилидан имтиҳон топшириши мажбурий қилиб қўйилган эди. Бунда маълум даражада рус тилидан билимга эга бўлмаган мигрант оилаларнинг фарзандлари мактабга бора олмайди.