Германия Грузиядаги элчисини чақириб олди

Олам

image

Германия Грузиядаги элчиси Петер Фишерни чақириб олди. Бу ҳақда кеча, 19 октябрь куни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

“Грузия раҳбарияти бир неча ойдан бери Европа Иттифоқи, Германия ва шахсан Германия элчиси Фишерга қарши нафрат қўзғатмоқда. Шу сабабли, Германия Ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль Фишерни маслаҳатлашувлар учун чақириб олишга қарор қилди, бунда кейинги қадамлар муҳокама қилинади”, дейилади вазирлик баёнотида.

Қайд этилишича, вазиятни Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар кенгаши муҳокама қилади.

Қайд этиш жоиз, 2024 йил ноябрь ойида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе ҳукумат Европа Иттифоқи билан аъзолик бўйича музокараларни 2028 йил охиригача кун тартибидан олиб ташлашини эълон қилганди. Шундан сўнг, Тбилиси ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида норозилик намойишлари бошланди.

Намойишларни бостириш ҳамда мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириш масаласини кечиктиришига жавобан, Берлин Тбилиси билан қиймати 237 миллион еврога тенг лойиҳаларни тўхтатди. Фишер эса Германия Грузия билан муносабатларни қайта кўриб чиқаётганини билдирган.

Бундан ташқари, ўша йилнинг баҳорида Грузияда “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди, бу ҳам Европа Иттифоқи томонидан танқидга учради.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Фишер дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенцияси тамойилларини бузганликда айбланиб, Грузия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Ўшанда Кобахидзе бу қарорни зарур дипломатик чора деб атаган, чунки унинг сўзларига кўра, элчи мунтазам равишда радикал мухолифат фаолиятини қўллаб-қувватлаган.

Фишер Грузиянинг “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси сиёсатини Европадан узоқлашиш йўналишида танқид қилиб келган. Шунингдек, у ҳукумат Европа Иттифоқига кириш музокараларини 2028 йилгача кечиктириш тўғрисида қарор чиқаргач, кўчаларга чиққан мухолифат намояндаларини фаол қўллаб-қувватлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойи бошида Грузияда ўтказилган маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар давомида пойтахт Тбилисида норозилик акциялари ўтказилган эди. Талабалар митингнинг мақсадини “ватан учун кураш” деб атаган. Улар амалдаги ҳокимият, жумладан, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси асосчиси Бидзина Иванишвили ва Бош вазир Ираклий Кобахидзени Россия билан яқин алоқада бўлишда айблаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Грузия Петер Фишер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг