Германия элчиси ўзбекистонликлар билан ўзбекча хайрлашди (видео)

Жамият

image

Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Хутерер Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаб, ўзбек тилида мурожаат билан чиқди. У Ўзбекистон халқини “унутилмас хотиралар” билан тарк этаётганини айтиб, ҳамкорлик ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда элчихонанинг Instagram саҳифасида видео эълон қилинди.

 

“Шу билан Ўзбекистондаги фаолиятим ўз якунига етмоқда. Тошкентни бир олам унутилмас хотиралар, бу гўзал юртга ва сизларнинг меҳмондўстлигингизга бўлган чексиз меҳр билан тарк этмоқдамиз”, дейди Манфред Хутерер.

У Ўзбекистон билан ҳамкорлик, қўллаб-қувватлаш ва дўстлик учун миннатдорлик билдириб, мамлакатда ўтган гўзал дамлар хотираси қалбида умрбод сақланиб қолишини қайд этган.

“Кўришгунча, Ўзбекистон!” дея хайрлашган элчи.

Жорий йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Манфред Хутерер билан хайрлашув учрашуви ўтказганини маълум қилган. Учрашувда элчининг фаолияти давомида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги сиёсий мулоқот мустаҳкамлангани, юқори даражадаги учрашувлар муваффақиятли ташкил этилгани ҳамда кўп қиррали ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани қайд этилган.

Маълумот учун, Манфред Хутерер Ўзбекистондаги фаолияти давомида бир неча бор ўзбек тилида мурожаатлар билан чиққан. Хусусан, у Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан ўзбек тилида табрик йўллаган, Наврўз байрамида эса шеър ўқиб берган эди.

Эслатиб ўтамиз, Манфред Хутерер 2024 йилдан буён Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди. Унинг фаолияти даврида икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар амалга оширилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг