Германия бир гуруҳ афғонистонликларни қабул қилди
Олам
−
02 Сентябрь 5008 2 дақиқа
Кеча, 1 сентябрь куни Германияга афғонистонлик бўлган 45 нафар фуқаро етиб борди ва уларга мамлакатга кириш учун рухсат берилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Қайд этилишича, афғонистонликлар Покистон пойтахти Исломобод орқали учиб, Истанбулдаги тўхташдан сўнг, Германиянинг Ганновер аэропортига қўнган.
Германия Ички ишлар вазирлиги вакилига кўра, учиб борганлар мамлакатга кириш визасини суд қарорлари орқали олган.
“Уларнинг барчаси қабул ва хавфсизлик бўйича текширувлардан тўлиқ ўтган”, деган вазирлик вакили.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Покистонда 2100 афғонистонлик бор. Уларнинг барчаси Германияга кириш рухсати борлигини даъво қилиб келади. Кўплаб оилалар Исломободда ойлар ва ҳатто йиллар давомида учиш навбатини кутмоқда.
Маълумот учун, Германия 2021 йил, яъни “Толибон” ҳокимиятга келганидан сўнг, ҳуқуқий таъқиб хавфи остида бўлган афғонлар, жумладан, Германия муассасаларида ишлаганлар учун махсус қабул дастурини жорий қилганди. Бу дастур орқали баъзи бир афғонистонликларга мамлакатга кириш имкони яратилган. Бироқ 2025 йилнинг май ойида Германиянинг ҳукмрон коалицияси бу дастурни тўхтатиб қўйди. Шунга қарамай, айрим афғонлар судга мурожаат қилиб, ўзлари ва оила аъзолари учун Германияга кириш ҳуқуқини қўлга киритмоқда. Германия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда судларда шундай 85 та иш кўриб чиқилмоқда. Дастурнинг бекор қилинишига эса Германияда муҳожирлар томонидан содир этилган қатор шов-шувли ҳужумлар яққол асос бўлди. Масалан, жорий йилнинг 22 январь куни Бавариянинг Ашаффенбург шаҳрида мамлакатда бўлиш ҳуқуқига эга бўлмаган 28 ёшли афғонистонлик шахс одамларга пичоқ билан ҳужум қилган. Ҳужум оқибатида икки ёшли бола ва 41 ёшли эркак ҳалок бўлган, яна уч киши, жумладан бир бола жароҳат олган.
2024 йилнинг 20 декабрь куни эса Магдебург шаҳрида теракт содир бўлди. Унда бир автомобиль катта тезликда Рождество ярмаркасидаги оломон устига бостириб борди. Ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ одам жароҳат олди. Ҳужум қилган шахс Саудия Арабистонидан келган 50 ёшли қочқин бўлиб, у Германияда бошпана олувчи мақомига эга бўлган.
Live
Барчаси