Германия Афғонистондан аскарларини олиб чиқиб кетди

Олам

image

Германия 20 йиллик миссиядан сўнг Aфғонистондаги қўшинларининг сўнгги контингентини олиб чиқиб кетди. Германия Мудофаа вазири Aннегрет Крамп-Карренбауер ўзининг Twitter саҳифасида Германия Aфғонистондаги йигирма йиллик хизматидан сўнг чиқиб кетганини ёзган.

“Бундесвернинг Aфғонистондаги сўнгги аскарлари бугун кечқурун ҳудудни хавфсиз тарк этишди”, деган вазир. У немис аскарлари ҳозирда уйга қайтаётганини қўшимча қилган.

Мудофаа вазири 2001 йилдан бери Aфғонистонда 150 мингга яқин немис аскарлари хизмат қилганини айтиб, ушбу мамлакатда миссияда қатнашган аскарларнинг ҳар бирига миннатдорчилик билдирди.

Немис аскарлари Aфғонистонда 2001 йилдан бери Халқаро хавфсизликка кўмаклашиш кучлари (ISAF) ва ундан кейинги “Қатъий қўллаб-қувватлаш” миссияси таркибида хизмат қилган.

Маълум қилинишича, Афғонистондаги миссияда камида 59 нафар немис аскари ҳалок бўлган.

АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.

Фаоллашган "Толибон"

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Германия

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг