Германия ҳозирча Фаластинни тан олишни режалаштирмаяпти

Олам

image

Германия яқин келажакда Фаластин давлатини тан олишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда жорий йилнинг 25 июль куни Германия ҳукуматининг расмий вакили Штефан Корнелиус баёнот берди.

Корнелиуснинг билдиришича, Берлин бу қадамни “икки давлат ечимини амалга ошириш йўлида охирги босқичлардан бири” деб кўрмоқда. Унинг сўзларига кўра, фақат икки давлат тузиш бўйича келишилган ечимгина исроилликлар ва фаластинликларга барқарор тинчлик ва хавфсизлик олиб келиши мумкин.

“Исроил хавфсизлиги Германия ҳукумати учун устувор аҳамиятга эга бўлгани сабабли Берлин яқин муддатда Фаластин давлатини тан олишни режалаштирмаяпти”, деб тушунтирди Корнелиус.

Ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, Германиянинг ҳозирги устувор мақсади “энг долзарб масалаларда анча вақт олдин пишиб етилган силжишларга эришиш”, яъни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш, ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш, ҳаракатни қуролсизлантириш ҳамда Ғазо секторидаги тинч аҳоли учун ёрдам кўрсатиш.

Шунингдек, Германия Исроилни “Ғазо секторидаги фалокатли гуманитар вазиятни зудлик билан ва тубдан яхшилаш” ҳамда “азоб чекаётган тинч аҳолига инсонпарварлик ёрдамини зудлик билан кўрсатиш”га чақирмоқда.

“Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш бўйича бошқа ҳар қандай қадамлар бўлмаслиги керак”, деб қўшимча қилган Корнелиус.

Унинг сўзларига кўра, Германия ҳукумати бу масалалар бўйича Исроил ҳукумати ва халқаро ҳамкорлар билан доимий мулоқот олиб бормоқда.

“Ушбу қадамлар тинч аҳолининг азоб-уқубатларига барҳам бериш учун мутлақо зарурдир. Шунингдек, улар икки давлат ечими истиқболини сақлаб қолиш, демакки, Яқин Шарқда барқарор тинчликни таъминлаш учун ҳам зарурдир”, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер мамлакат Фаластинни тан олиши мумкинлигини айтганди. Шунингдек, у яқин иттифоқчилари билан минтақада тинчлик ўрнатиш стратегияси устида ишлаётганини билдирган.

Олдинроқ эса Франция Президенти Эммануэль Макрон расмий Париж Фаластинни давлат сифатида расман тан олишга тайёрлигини айтганди. Унинг айтишича, ушбу қарор расман сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг янги сессиясида эълон қилинади. Буюк Британиядаги вазият эса бошқача. “Reuters” Лейбористлар партиясидаги манбага таяниб, ҳукумат Исроилни қоралаш бўйича кейинги дипломатик қадамлар қўймагани учун баъзи партия аъзолари Стармердан норози эканини ёзди. Агентлик, шунингдек, Фаластиннинг тан олиниши Буюк Британия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни сезиларли даражада мураккаблаштириши мумкинлигини хабар қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Фаластин Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг