Ғазодаги “Исломий жиҳод” раҳбарияти йўқ қилинди – Нетаньяху
Олам
−
15 Май 2023
4631Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Исроил мудофаа кучлари “Қалқон ва ўқ” операцияси давомида Ғазо секторидаги “Исломий жиҳод”нинг бутун раҳбариятини йўқ қилганини маълум қилди. Бу ҳақда “The Times of Israel” нашри хабар берди.
Нетаньяхунинг сўзларига кўра, Исроил ҳарбийлари Ғазодаги гуруҳнинг барча раҳбарларини, унинг 17 та қўмондонлик маркази ва танкга қарши отрядларни йўқ қилган.
Маълумот учун, “Исломий жиҳод” мустақил Фаластин ислом давлатини яратиш ва Исроилни йўқ қилишни хоҳлайдиган ҳарбийлаштирилган гуруҳ ҳисобламади. У 1970 йилларда ташкил этилган ва Исроил, Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамда бошқа бир қатор давлатларда тақиқланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 майга ўтар кечаси Исроил ўз ҳудудининг ўққа тутилишига жавобан Ғазодаги “Исломий жиҳод”га қарши “Қалқон ва ўқ” операциясини эълон қилганди. Охирги кунларда ўзаро отишмалар содир бўлганда, Миср воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб борилди. 13 май куни соат 22:00 дан бошлаб томонлар ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. 14 майга ўтар кечаси ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганидан сўнг, яна қисқа муддатли тўқнашув содир бўлди, бироқ кун давомида вазиятдан келиб чиққан ҳолда келишувга риоя қилинди. Тел-Авив маълумотларига кўра, беш кун давом этган жангларда Исроилга жами 1200 та ракета отилган, икки киши ҳалок бўлган. Ғазода эса тинч аҳоли орасида ўн киши қурбон бўлди. Бироқ Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги 33 киши ҳалок бўлгани ва 151 киши яраланганини маълум қилди.
LiveБарчаси