Исроил Ғазога зарба берди
Олам
−
09 Май 2023
4351Бугун, 9 майга ўтар кечаси Исроил армияси Ғазо сектори блокадасидаги Фаластин анклавига зарба берди. Бу ҳақда армия матбуот хизмати маълум қилди.
Исроил армияси уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида 13 киши қурбон бўлди, яна 20 киши яраланди. Ғазо Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар бола ва шунча аёллар борлигини айтди. Бошқалар қаторида уч нафар бола ва етти нафар аёл касалхонага ётқизилган.
Фаластин Исломий Жиҳод гуруҳининг ҳарбийлаштирилган қаноти ҳисобланган “Аль-Қудс” бригадаси вакиллари Исроил ҳужуми қурбонлари орасида гуруҳнинг уч нафар аъзоси, уларнинг рафиқалари ва болалари ҳам борлигини маълум қилган.
Ҳаракат матбуот котиби Тарик Силми “босқинчи кучлар”га жавоб зарба бериш билан таҳдид қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2 май куни Ғазо секторидан Исроил томон 22 та ракета учирилган, улардан тўрттаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тутиб олинган, 16 таси эса аҳоли яшамайдиган ҳудудларга тушганди. Ракета ҳужумларига “Исломий жиҳод” гуруҳининг юқори мартабали арбоби Хадер Аднаннинг 86 кунлик очлик эълонидан сўнг Исроил қамоқхонасида вафот этгани сабаб бўлгани айтилганди.
LiveБарчаси