Фаластин гуруҳлари ва Исроил ўт очишни тўхтатишга келишиб олди
Олам
−
14 Май 2023
4430Кеча, 13 май куни маҳаллий вақт билан соат 22:00 дан (Тошкент вақи билан 00:00) Ғазо секторида жойлашган Фаластин ва Исроил гуруҳлари ўзаро ўт очишни тўхтатишга келишиб олдилар. Бу ҳақда “Extra News” телеканали хабар берди.
Айтилишича, Ғазодаги Фаластин гуруҳлари, асосан, “Исломий жиҳод” 13 май оқшомида бир гуруҳ воситачилар таклиф қилган Исроил билан янги сулҳ режасига принципиал келишиб олган. Ўт очишни ўзаро тўхтатиб туришнинг ушбу схемаси, хусусан, тинч аҳолига ҳужумлар ва турар-жой биноларини бомбардимон қилишни тўхтатишни назарда тутган.
Шу билан бирга, Исроил Миср томонидан тақдим этилган янги таклифни [ўт очишни тўхтатиш тўғрисида] ўрганаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.
Иккала томон ҳам тасдиқлаган келишув Исроилнинг Ғазода фаластинликларнинг уйларини бузиш ва Фаластин қаршилик кўрсатиш етакчиларининг оилаларини ўлдиришдан воз кечишини назарда тутган.
Келишув шартларига кўра, Исроил Фаластиндаги айрим ташкилотлар раҳбарларини йўқ қилиш учун аниқ зарба беришни тўхтатиш мажбуриятини олмаган. Бундан ташқари, фаластинликлар Исроил ҳудудига ҳужум қилишда фойдаланадиган ракеталарни ишлаб чиқариш учун турар-жой биноларидан фойдаланишни истисно қилишни талаб қилган. Шунингдек, келишувда Ғазо ва Исроил ўртасидаги чегарада назорат-ўтказиш пунктларини очиш зарурлигига ишора қилинган.
Бироқ мазкур сулҳ ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кўп ўтмай Исроилнинг Ғазо сектори билан чегараси яқинида ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш тизими яна ишга тушган. Шундан сўнг, Исроил қўшинлари Фаластин анклавлари ҳудудига зарбаларни қайта бошлаганини маълум қилган.
“Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторига зарба беришда давом этмоқда. Фақат Ғазо секторидан учирилган ракеталарга жавобан Исроил мудофаа кучлари самолёти “Исломий жиҳод”га тегишли иккита яширин ракета учиргичига ҳужум қилди”, дейилади Исроил армияси матбуот хизмати хабарида.
Исроил тарафига кўра, Фаластин анклавидан соат 22:00 дан кейин охирги марта Исроил ҳудудига иккита ракета учирилган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари битта ракетани тутиб олган, иккинчиси очиқ майдонга тушган.
Мазкур ҳолатдан сўнг Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши (МХК) раҳбари Тзачи Ханегбининг баёноти эълон қилиниб, Тель-Авив Мисрнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга қаратилган ташаббусига қўшилишини ва анклавдаги Фаластин фракцияларининг “сукутига сукут билан жавоб бериш” ниятида эканини билдирилган.
“Ҳукумат раҳбарининг кўрсатмаси билан Ханегби Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисига ўз мамлакатининг сулҳга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди”, дейилади Исроил Бош вазири офиси томонидан тарқатилган хабарда.
Унда айтилишича, МХК раҳбари Исроилнинг Миср ташаббусини қабул қилиши сукут билан кутиб олинишини англатишини, бироқ Исроилга ҳужум ёки таҳдид қилинса, у ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилишда давом этишини айтган.
Ғазо сектори атрофида вазиятнинг кескинлашуви
9 майдан бери Исроил армияси Ғазо секторида “Қалқон ва ўқ” операциясини амалга ошириб, “Исломий жиҳод”нинг ҳарбий объектларига зарба бериб келган. Бу бир ҳафта олдин яҳудий давлатининг оммавий ўққа тутилишига жавобан бошланган. 2 май куни Ғазодан бир сутка ичида Исроил ҳудудига юздан ортиқ ракета ва миномёт отилган. Отишмалар “Исломий жиҳод” фаоли Хадр Аднаннинг Исроил қамоқхонасида ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар ортидан содир бўлган.
Ғазо секторидан Исроилга учирилган ракеталарнинг аксарияти ё аҳоли яшамайдиган ҳудудларга қулаган ёки “Темир гумбаз” ҳаво мудофаа тизими томонидан тутиб олинган. Яҳудий давлати қуролли кучлари эса сектордаги 325 та ҳарбий нишонга зарба берган.
Ушбу қуролли тўқнашувлар ортидан эса 9 майдан то ҳозиргача 30 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган ва 150 га яқин киши жароҳатланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь