“Ғазода қон оқмоқда”. 25 давлат Исроил ҳужумларини қоралади
Олам
−
22 Июль 6946 3 дақиқа
Дунёнинг 25 давлати Исроилнинг Ғазога қарши урушини қоралаб, ушбу босқинни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда ушбу давлатлар ҳамкорликда қўшма баёнот эълон қилди.
Буюк Британия, Франция, Канада ва Европа Иттифоқининг тенглик, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ва инқирозларни бошқариш бўйича комиссари Хадича Лабиб иштирокида 25 давлат Ғазо секторидаги ҳолат бўйича қўшма баёнот эълон қилган. Унда Ғазода давом этаётган уруш тўхтатилиши шартлиги ва бу ҳудудда тинч аҳоли азоблари “мисли кўрилмаган даражага етгани” таъкидланади.
“Исроил ҳукумати томонидан танланган ёрдам етказиш модели хавфли, беқарорликни кучайтиради. Биз ёрдамнинг томчилаб етказилишини ва оддий эҳтиёжларини сув ва овқат билан қондириш учун чиқаётган болалар ҳамда тинч аҳоли ўлдирилишини кескин қоралаймиз. Ёрдам излаётган 800 дан ортиқ фаластинликнинг ўлдирилгани даҳшатли. У ерда қон оқяпти”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Исроил томонидан гуманитар ёрдам кўрсатишдан бош тортиш “қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” деб баҳоланган ва халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга чақирилган.
Баёнотда Ғазодаги маҳбусларнинг ҳам оғир шароитда яшаётгани ва уларни дарҳол, шартсиз озод қилиш зарурлиги билдирилган.
“Биз Исроил ҳукуматини ёрдам етказиш бўйича барча чекловларни дарҳол бекор қилишга ва БМТ ҳамда инсонпарварлик ташкилотларига ҳаётларни сақлаб қолиш бўйича фаолиятини хавфсиз ва самарали тарзда бажаришига рухсат беришга чақирамиз”, дейилади қўшма баёнотда.
Шунингдек, унда “гуманитар шаҳар” лойиҳаси орқали фаластинликларни кўчириш таклифи “мутлақо номақбул” деб аталган. Мажбурий кўчириш халқаро ҳуқуқни бузиши ҳисобланади. Шунингдек, Исроилнинг E1 ҳудудида яҳудий посёлкалар қуриш режаси Фаластинни иккига бўлиши, бу эса икки давлат ечимини жиддий хавф остига қўйиши айтилган.
Ғарбий Соҳилда, жумладан Шарқий Қуддусда ноқонуний посёлка қурилиши тезлашгани ва фаластинликларга қарши зўравонлик кучайгани ҳам алоҳида қайд этилган. Қолаверса, ушбу баёнотда давлатлар томонларни зудлик билан, шартсиз ва доимий сулҳга чақирган.
“Қон тўкилишининг давом этиши бефойда. Биз АҚШ, Қатар ва Мисрнинг урушни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз”, дейилади баёнотда.
Улар Исроил, Фаластин ва бутун минтақада хавфсизлик ва тинчликка олиб келадиган сиёсий ечим йўлида қўшимча чоралар кўришга тайёр эканини билдирган.
Баёнотга 25 давлат Ташқи ишлар вазирлари, жумладан Австралия, Австрия, Бельгия, Дания, Эстония, Финляндия, Франция, Исландия, Ирландия, Италия, Япония, Латвия, Литва, Люксембург, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия, Польша, Португалия, Словения, Испания, Швеция, Швейцария ва Буюк Британия вакиллари имзо чеккан.
Маълумот учун, Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг сўнгги бюллетенида Исроилнинг Ғазога қарши урушида 2023 йил 7 октябрдан бери камида 58 895 киши ҳалок бўлгани, 140 485 киши яраланганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия, Саудия Арабистони ва Иордания ташаббуси билан тайёрланган ва 11 давлат томонидан имзоланган қўшма баёнотда Исроилнинг Сурияга қарши ҳарбий ҳужумлари кескин қораланганди.
Live
Барчаси