Ғазода ҳалок бўлганлар сони 71 мингдан ошди

Олам

image

Ғазо секторида уруш бошланганидан буён Исроил ҳарбийларининг ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 71 мингдан ошди. Бу ҳақда Фаластин анклавининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Вазирлик баёнотида айтилишича, 2023 йил 7 октябрда бошланган ҳарбий ҳаракатлардан буён 71 266 киши ҳалок бўлган, 171 219 киши жароҳат олган.

Маълумотларга кўра, сўнгги бир ҳафта ичида илгари тасдиқланмаган 292 нафар қурбон умумий статистикага қўшилган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига биноан, Фаластин анклавида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганидан бери 414 киши ҳалок бўлган, 1 142 киши эса яраланган.

Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви 10 октябрь куни кучга кирган. Шунга қарамай, келишувнинг маҳаллий даражадаги бузилишлари деярли ҳар куни қайд этилмоқда. Келишув доирасида ҲАМАС 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода сақланган 20 нафар гаровдаги исроилликни озод қилган. Шу тариқа тирик қолган барча гаровдагилар озод этилган.

Исроил ҳукумати бунга жавобан қарийб 2 минг нафар фаластинлик маҳбусни, жумладан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахсларни ҳам озод қилган.

Эслатиб ўтамиз, 26 декабрь куни Ғазо секторидаги Хон-Юнус шаҳрида жойлашган бино вайроналари остидан чиқарилган 25 нафар фаластинлик дафн қилинганди. Хон-Юнусда Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган Ал-Эсталь оиласининг 25 нафар аъзоси билан хайрлашув маросими бўлиб ўтган. Қурбонларнинг жасадлари жорий йилнинг 25 декабрь куни вайронага айланган бино остидан чиқариб олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг