Ғазо сиёсий битимларда савдолашиш воситаси эмас – Хитой ТИВ
Олам
−
18 Февраль 4313 2 дақиқа
Ғазо сектори ва Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили сиёсий битимларда савдолашиш воситаси эмас. Бу ҳақда бугун, 18 февраль куни Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И БМТ Хавфсизлик Кенгашининг “Кўп томонлама муносабатлар амалиёти, глобал бошқарувни ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш” мавзусидаги йиғилишида маълум қилди.
“Яқин Шарқдаги вазият ҳануз кескин ва беқарор. Ғазо ва Ғарбий Соҳил – Фаластин халқининг ватани. Улар сиёсий битимларда савдолашиш воситаси бўлиши мумкин эмас. Фаластинга фақат фаластинликлар ўзлари раҳбарлик қилиши керак – бу Ғазо урушидан кейинги бошқарувда амал қилиниши шарт бўлган муҳим принципдир”, деди у.
Ван Ига кўра, ҳаётий муҳим жиҳатлардан бири – икки давлат тамойилини қўллаб-қувватлаш, Фаластин муаммосини тўлиқ, адолатли ва барқарор ҳал қилишга эришиш ҳамда Яқин Шарқда доимий тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 4 февраль куни Трамп Оқ уйда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан учрашувдан сўнг бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида АҚШ Ғазо секторини узоқ муддатли бошқарувга олиш масаласини кўриб чиқаётганини эълон қилганди. Нидерландия Ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп Дональд Трамп илгари сурган таклифга муносабат билдириб, Ғазо секторининг АҚШ назоратига ўтиши Нидерландия учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ғоя эканини айтди. Шунингдек, Трампнинг бу таклифи араб давлатлари, Эрон ва бир қатор ғарб мамлакатлари томонидан кескин рад этилди. Франция Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Трампнинг режасига рози эмаслигини эълон қилди. Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок эса фаластинликларни Ғазодан мажбуран чиқариб юбориш қабул қилиб бўлмайдиган ҳаракат эканини билдирди.
Live
Барчаси