Ғазо сектори Фаластин назорати остида бўлиши керак – АҚШ
Олам
−
09 Ноябрь 2023
4848Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори Фаластин-Исроил можароси тугаганидан кейин Фаластин маъмурияти томонидан бошқарилиши керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Ведант Патель навбатдаги брифингда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Ғазо секторининг келажаги ҳақидаги қарор “Фаластин халқининг хоҳиш-истакларини акс эттириши ва шунга асосланиши” керак, деб ҳисоблайди.
“Охир-оқибат, биз Ғазонинг Ғарбий соҳил билан Фаластин маъмурияти остида бирлашишидан манфаатдормиз”, дейди Патель.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Японияга ташрифи чоғида ўтказган матбуот анжуманида Ғазо секторини келажакда на ҲАМАС ҳаракати, на Исроил назорат қила олмаслигини айтган. Унинг таъкидлашича, ҳозир "хавфсизликни қандай таъминлаш ҳамда Фаластин давлатининг Ғазо ва Ғарбий Соҳил устидан назорат ўрнатиши" бўйича муҳокамалар давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат департаменти Исроилнинг Ғазо секторини қайта ишғол қилишини қўллаб-қувватламаслигини билдирганди.
LiveБарчаси