АҚШ ва Исроил Эронни бомбардимон қилмоқчи – NYT
Олам
−
09:54 1111 3 дақиқа
АҚШ ва Исроил Эронга қарши янги ҳарбий операция режасини ишлаб чиқди. Ҳужумлар жорий йилнинг 3 ноябрь куни АҚШ Конгрессига ўтказиладиган оралиқ сайловлардан кейин бошланиши мумкин. Бу ҳақда манбаларга таяниб “The New York Times” хабар берди.
Қайд этилишича, режалаштирилаётган операция қисқа муддатли, аммо шиддатли бўлиши мумкин. Эҳтимолий нишонлар қаторида Эроннинг ядровий объектлари, энергетика инфратузилмаси, ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари арсеналлари бор. Тайёргарлик доирасида ҳарбий машғулотлар фаоллаштирилган. АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху билан эҳтимолий ҳужумларни ҳам муҳокама қилган.
Манбаларнинг фикрича, янги зарбалар Эрон иқтисодиётига жиддий зарар етказиб, Теҳронни ён беришга мажбур қилиши мумкин. Бироқ айрим суҳбатдошлар бу сафарги операция аввалги ҳужумлардан самаралироқ бўлишига шубҳа билдирган. АҚШ ва Исроилнинг февралдан апрелгача давом этган аввалги зарбалари энергия нархлари ошишига ва АҚШнинг ракеталарни тутиб қолувчи ракеталари захираси камайишига олиб келган.
Ҳозирча АҚШ Президенти Дональд Трамп янги операцияни маъқуллайдими ёки йўқми, номаълум. Исроилда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловлар ҳам режаларга таъсир қилиши мумкин. Айрим экспертлар Нетаньяху уруш хавфидан фойдаланиб, миллий бирлик ҳукуматини тузишга уриниши мумкинлигини тахмин қилган.
АҚШ минтақада можаро кенгайишидан ҳам хавотирда. Кеча, 21 октябрь куни Давлат департаменти Саудия Арабистонидан мамлакатда қолиши шарт бўлмаган америкалик давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларини олиб чиқиш ҳақида кўрсатма берган. Бунга Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийларнинг ҳужумлари сабаб бўлган. АҚШнинг учта авианосец кемаси, қирувчи самолётлари ва махсус кучлар бўлинмаларини ўз ичига олган ҳарбий кучлари ноябрь ойи бошигача минтақада жойлаштирилиши кутилмоқда.
Муҳокама қилинаётган нишонлар орасида Эроннинг ер остида жойлашган “Пикекс” ядровий объекти ҳам бор. Трамп унга қарши GBU-43/B русумли, “Барча бомбаларнинг онаси” номи билан танилган авиабомбадан фойдаланиш эҳтимолини тилга олган. Бироқ экспертлар ушбу бомба чуқур ер остида жойлашган мажмуани вайрон қила олишига шубҳа билдирмоқда.
Эрон ҳам эҳтимолий янги ҳужумларга тайёргарлик кўрмоқда. Теҳрон кемалар ва энергетика инфратузилмасидан ташқари, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ҳамда сувости интернет кабелларини ҳам нишонга олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Эрон музокарачисининг маслаҳатчиси Меҳди Муҳаммадий АҚШнинг ҳарбий кампанияни 72 соат ичида якунлаш ҳақидаги ҳисоб-китобини “хаёлпарастлик” деб атаб, жавоб зарбалари янада шиддатли ва кутилмаган бўлишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг 10 октябрга режалаштирилган Эронга қарши операцияси Трамп кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашни истамагани сабабли бекор қилингани ҳақида хабар берилган эди. Исроил ҳарбийлари ядровий объектлар, Эрон раҳбарияти, электр станциялари ва бошқа инфратузилма объектларига қарши бир неча кунлик ҳужумлар режасини тайёрлаган.
Live
Барчаси21 Октябрь
21 Октябрь