Ғазо аҳолиси “ўлим, ҳалокат ва касаллик ҳалқасида” яшаяпти – БМТ
Олам
−
02 Декабрь 2023
3314Ғазода фаластинликлар яшириниши мумкин бўлган бирорта ҳам хавфсиз жой йўқ, одамлар “ўлим, ҳалокат ва касаллик ҳалқасида” яшаяпти. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш бўйича координатори Мартин Гриффитс маълум қилди.
Унинг айтишича, ўтган ҳафтадаги вақтинчалик келишув ҳужумлар тўхтатилганда вазият қандай бўлишини кўрсатган. Бироқ бугунги Хон Юнусдаги вазият бунинг аксини кўрсатади.
Унинг таъкидлашича, "гуманитар пауза" вақтида маҳбуслар озод қилинган, оилалар бирлашган, Ғазога кириб келаётган инсонпарварлик ёрдами ҳажми ошган, аммо бу блокададаги минтақадаги фаластинликларнинг эҳтиёжларини қондириш учун ҳали ҳам етарли эмас.
“Бугун бир неча соат ичида кўплаб одамлар ҳалок бўлди ва яраланди. Оилаларга яна эвакуация қилиниши кераклиги айтилди. Умидлар пучга чиқди”, деган Гриффитс жангларни тугатиш зарурлигини таъкидлаб.
У урушнинг иккинчи ойида Ғазонинг бутун аҳолиси, жумладан, аёллар ва болалар “қўрқув, ҳалокат ва касаллик ҳалқаси”да яшаётганига эътибор қаратган.
“Бугунги кунда Ғазода фаластинликлар бошпана топиши мумкин бўлган бирорта ҳам хавфсиз жой йўқ ва бу қабул қилиниши мумкин эмас”, дея қайд этди БМТ Бош котиби ўринбосари.
У Фаластин анклавига инсонпарварлик ёрдами ҳажмини ошириш ва ўт очишни тўхтатишни таъминлаш зарурлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ва ҲАМАС ўртасида 24 ноябрдан бери амалда бўлган ва икки марта – мос равишда 27 ва 29 ноябрда узайтирилган сулҳ муддати тугаб, кеча, 1 декабрь куни эрталаб Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторига ҳужумни қайта бошлаганди. Исроил Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳарчасини уруш ҳудуди деб эълон қилди ва тўртта ҳудуд аҳолисини эвакуация қилиш ҳақида огоҳлантирди
LiveБарчаси