Сўнгги яхшилик. Ганира Пашаеванинг васиятномаси эълон қилинди
Олам
−
29 Сентябрь 2023
35376Озарбайжон Миллий Мажлисининг (парламент) собиқ депутати марҳум Ганира Пашаева ўлимидан сўнг ҳам одамларга яхшилик қилишди давом этди. У ўз тана аъзоларини муҳтож беморларга топшириш ҳақида васиятнома ёзгани маълум бўлди. Бу ҳақда “Medicina” нашри хабар берди.
Пашаеванинг ёзишича, бу унинг дунёга бериши мумкин бўлган сўнгги фойдаси бўлиши мумкин.
“Кўпдан бери мени ўйлантириб келаётган бир масала бор ва мен унга юрагимдан жой бердим. Бу масалада биринчи навбатда ўзим қарор қилишим керак эди. Бир қарорга келганимга ишонч ҳосил қилган заҳоти, ниҳоят, онам, синглим, қисқаси, оилам билан очиқ суҳбат қуришга, аҳдимни айтишга қарор қилдим. Бундай суҳбат улар учун психологик жиҳатдан оғир кечган бўлса-да, шукрки, қарорим моҳиятини (узоқ баҳс-мунозаралардан сўнг бўлса ҳам) тушунишди”, дейилган депутатнинг васиятномасида.
Пашаевага кўра, бу қадамни қўйиш орқали у яна ҳаётга қайта олмаса-да, бошқа бировнинг ҳаётга қайтишига ёрдам бера олиши мумкин.
“Орган донорлиги – бу инсоннинг ўлимидан кейин унинг аъзоларини бошқа одам учун ишлатишга рухсат бериш ҳаракати. Масалан, ҳаёти диализ аппаратига боғлиқ бўлган буйрак касалига чалинган одамга қабрда ҳеч бир ўлган одамга керак бўлмайдиган буйраклар билан ҳаётга қайтишига ёрдам бера оламиз. Ҳа, азиз ўқувчи, мен аъзоларимни ҳадя қилдим! Мен ушбу тартибни амалга оширадиган муассасани ҳам аниқладим. Ўлимдан кейин баъзи аъзоларим бошқа одамнинг яшаши учун ишлатилишини яхшилик деб биламан. Ўлганимдан кейин ҳаётга қайтмайман, лекин бир неча ўлаётган одамларга, оғир аҳволда бўлган бир неча кишига аъзоларим билан яшашга ёрдам бера оламан. Мен уларга яна табассум қилишларига ва бахтли бўлишларига ёрдам бера оламан. Бундан яхшироқ нима бўлиши мумкин?! Ҳа, мен бу ҳақда ўз васиятимни ёзганман. Чунки ҳаёт шу қадар ғалатики, сиз ҳозир шу ердасиз, лекин атиги 5 дақиқадан сўнг сиз дунёда йўқ бўлишингиз мумкин”, деган гаплар билан якунланади Пашаеванинг сўнгги баёноти.
Маълумот учун, Ганира Алескар қизи Пашаева 1975 йил 24 март куни Озарбайжоннинг Товуз вилоятида туғилган. У 1998 йилдан ANS TV телекомпаниясида мухбир, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаб келган. 2005 йилда у Ҳайдар Алиев жамғармасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлимини бошқарган. 2005 йил 6 ноябрда 105-Товуз сайлов округидан депутат этиб сайланган.
Шу билан бирга, у 2011 йил апрель ойида Туркиядаги архив материаллари ва гувоҳларнинг сўзларига асосланиб, ХХ аср бошларида турклар арманларга қарши геноцид қилгани ҳақида фильм суратга олган. У Озарбайжон ёзувчиси Ғазанфар Пашаевнинг жияни эди.
Ганира Пашаева Ўзбекистонга ҳам тез-тез келиб турарди. У сўнгги ташрифида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида меҳмон бўлиб, депутат ва сенаторлар билан мулоқот қилган эди.
Шунингдек, Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан ҳам учрашув ўтказган. Ганира Пашаева Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида бир неча бор меҳмон бўлиб, Ўзбекистон ҳақида озар тилида китоб нашр эттирган. Унинг шеърлар тўплами ҳам ўзбек тилига таржима қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Миллий Мажлиси (парламент) депутати, Маданият қўмитаси раиси Ганира Пашаева кеча, 28 сентябрь куни вафот этди. У бугун, 29 сентябрь куни Бакудаги иккинчи Фахрийлар хиёбонига дафн этилди.
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Пашаева комага тушгани хабар қилинганди. Унга келиб чиқиши номаълум гипотоник ҳолат ташхиси қўйилганди.
LiveБарчаси