Гаитида жиноий тўдалар қамоқхонага бостириб кириб, 4 минг маҳбусни озод қилди
Олам
−
04 Март
7091Кариб денгизидаги орол давлати Гаитининг пойтахти Порт-о-Пренс шаҳридаги қамоқхонага қуролли жиноий гуруҳлар бостириб кирди ва 4000 га яқин маҳбусни озод қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ҳужум 2 март куни кечқурун содир бўлган. Кеча, 3 март куни қамоқхонага ҳужум қилингани маълум бўлгач, воқеа жойига халқаро ахборот агентликларнинг маҳаллий мухбирлари етиб борган. AFP хабарига кўра, қамоқхона дарвозалари очиқ бўлиб, уларнинг ёнида ўндан ортиқ жасад ётибди. “Reuters” агентлиги ҳам қамоқхона ҳовлисида учта жасад ётганини ёзган.
Гаити расмийлари полиция бир вақтнинг ўзида ушбу қамоқхонага ва бошқа бир қамоқхонага - Круа-дес-Букетга ҳужумларни қайтаришга ҳаракат қилаётганини эълон қилди. Иккинчи қамоқхонадан қанча одам қочгани ҳақида маълумот берилмаган. Биринчи қамоқхонада 3800 га яқин одам бўлган ва “Reuters” маълумотларига кўра, улардан 99 нафари камераларда қолган. Қамоқхона ходимлари ўқ тегмаслиги учун кўчага чиқмасликка қарор қилган.
Камерасида қолганлар орасида 2021 йил июлида Гаити президенти Жовенел Моисенинг ўлдирилишида иштирок этганликда айбланиб, қамоққа олинган колумбиялик собиқ аскарлар ҳам бор.
Ушбу қотилликдан сўнг, Американинг энг қашшоқ мамлакати Гаити анархия ва бандитизм тўлқини билан қопланди. Тўдалар пойтахт Порт-о-Пренснинг 80 фоизини назорат қилмоқда ва 11 миллионлик аҳолиси бўлган мамлакатда ўтган йили 8500 га яқин одам ўлдирилган.
Ўтган йили Кения ихтиёрий равишда Гаити тўдаларини бостириш ва 1000 полициячини юбориш учун халқаро ҳарбий кучга раҳбарлик қилди. Яна бир Африка давлати Бенин яқинда яна икки минг аскар ваъда қилган ва Қўшма Штатлар бу операцияни молиялаштиришга тайёр.
Кения Олий суди ижроия ҳокимиятининг Гаити бўйича қарорини тўхтатди ва Гаити Бош вазири Ариэль Генри 29 февраль куни келишувни сақлаб қолиш учун Найробига борди.
Худди шу куни жиноий гуруҳлардан бирининг раҳбари, “Барбекю” лақабли собиқ полициячи Жимми Шеризье Анрини ағдариш учун пойтахт ва вилоятнинг барча жиноий гуруҳлари бирлашаётганини эълон қилди.
“Мамлакатни ҳеч ким бошқармаяпти, раҳбар йўқ, аҳоли очликдан ўляпти, одамлар ташқарига чиқишга қўрқишяпти. Одамлар чарчаган ва энди бунга дош беролмайди”, деган “Барбекю”.
Жиноий тўда раҳбарининг чиқиши ва қамоқхоналарга ҳужум оралиғида бир нечта отишмалар содир бўлди. Тўрт полициячи ҳалок бўлди ва беш нафари яраланди. Бандитлар аэропортга ҳужум қилди, кўплаб рейслар бекор қилинди, бир неча талаба қисқа муддатга гаровга олинди ва бир киши яраланди.
Мадина Отабоева