Тобутдек қутидан электр симларгача: ҳаёт-мамот синови
Review
−
19:50 710 4 minutes
Жиноят жазосиз қолмайди, аммо унинг жазоси ҳар бир мамлакатда турлича. Бугун дунёнинг энг даҳшатли қамоқхоналари, у ердаги шафқатсиз тартиблар ва маҳбуслар бошидан кечирган қийноқлар ҳақида гаплашамиз.
Мўғулистоннинг Урга (ҳозирги Улан-Батор) шаҳридаги тарихий қамоқхона
Ушбу қамоқхона Мўғулистон устидан узоқ вақт сиёсий назорат олиб борган манжурлар томонидан қурилган. У ерда маҳбуслар ўта оғир шароитда сақланган. Улар одам аранг сиғадиган, тобутга ўхшаш ёғоч қутиларда сақланган. Қутиларнинг узунлиги тахминан 1,22 метр, баландлиги эса 76 сантиметр бўлган. Бундан кўриниб турибдики, қути инсоннинг эркин ҳаракатланишига имкон бермаган. Маҳбуслар тик ўтира олмаган, оёқ-қўлларини тўлиқ узатиб ёта олмаган.
Айрим маҳбусларнинг бўйнига оғир занжир солинган, қўллари кишанланган. Маҳбусларга овқат қутининг ён томонидаги тахминан 15 сантиметрли тешик орқали узатилган. Аммо бу овқат ҳам мунтазам берилмаган, маҳбуслар ифлослик ва совуқда азоб чеккан. Қишда исинишлари учун эса битта қўй териси берилган.
Айрим маҳбуслар бу қутиларда бир неча ҳафта, бошқалари эса кўп йиллар, ҳатто умрбод қамалган. Узоқ вақт қимирламай ётиш айрим маҳбусларнинг оёқ-қўлларига ҳам жиддий зарар етказган. Тасаввур қилинг, озодликдан маҳрум қилиш етмаганига, эркин ўтириш, оёқ узатиш имкониятидан ҳам маҳрум қилинган. 1924 йилда қамоқхонада қўлланган даҳшатли ёғоч қутиларда сақлаш жазоси бекор қилинган.
Бу қамоқхонада бир оила вакилларидан бирининг сиёсий айби сабабли бутун оила лагерга бадарға қилинган
Гап Шимолий Кореядаги Camp 14 қамоқхонаси ва у ерда қўлланилган “уч авлодни жазолаш” амалиёти ҳақида кетмоқда.
Бу амалиётнинг яна бир даҳшатли томони шундаки, она ҳали фарзандини дунёга келтирмасидан лагерга тушса, бола ўша ерда туғилади ва ташқи дунёдан бутунлай узилган ҳолда улғаяди. Ҳаёт, эркинлик ва ташқи олам ҳақида тасаввурга эга бўлмаган бола учун лагердаги муҳит ягона ҳақиқатга айланади.
Лагерда туғилиб, у ерда 23 йил яшаган Шин Дон Хёк вақт ўтиши билан ташқи дунёга бўлган қизиқиши ортиб, лагердан қочган машҳур қочқинга айланади.
Шин Дон Хёк интервьюларининг бирида шундай дейди:
“Мен 1982 йилда Шимолий Кореядаги 14-рақамли сиёсий қамоқхонада туғилганман ва 2005 йилда қочиб кетгунимча ўша ерда яшаганман. 2006 йилда эса Жанубий Кореяга етиб келганман. Менинг болалигим… Мен асосан ўзимни маҳбус ҳаётини яшашга маҳкум деб ҳисоблардим, чунки мен қамоқдаги ота-онадан туғилганман. Мен ишлаган заводда бирор нарсани синдириб қўйганим учун жазо сифатида… жазо сифатида бармоғимни кесиб ташлашган. Аммо мен бу воқеа натижасида омма олдида қатл қилинмаганимдан енгил тортганман ва бола сифатида шунчаки миннатдор эдим. Ҳаммаси шундай эди. Мен бошимдан кечирган оғриқ, тескари осиб қўйилиб калтакланишим, оловда куйдирилишим – бу кечинмаларнинг барчаси… Мен буни тўғри деб ўйлардим, чунки мен маҳбус эдим ва онам ҳамда акам жиноят содир этган эди”.
У бу мавзуда кўп маротаба ўз ҳикоясини айтиб берган.
Айтишича, унинг энг катта пушаймони лагерда хабар беришни тўғри иш деб ўйлагани бўлган. У онаси ва акасининг қамоқдан қочиш режасини қўриқчиларга айтиб беради. Оқибатда эса онаси ва акасининг омма олдида қатл этилишига гувоҳ бўлади.
У лагерда доимо очликдан қийналган. Маҳбусларга асосан маккажўхори ва тузланган сабзавотлар берилган. Бир куни у лагерга келтирилган Пак исмли маҳбус билан танишади. Пак унга лагер ташқарисидаги ҳаёт, одамлар истеъмол қиладиган таомлар ҳақида гапириб беради. Шин ташқарида истаган овқатини ейиш мумкинлигини эшитиб, қочишга қарор қилади.
2005 йил январь ойида Шин ва Пак лагер ҳудудидаги тоғли жойда ишлаётган пайтида қочишга уринади. Улар лагер атрофини ўраб турган юқори кучланишли электр симларидан ўтишлари керак эди. Қочиш пайтида Пак биринчи бўлиб симлардан ўтишга уринади, аммо электр токи уни уради ва у ҳалок бўлади. Шин эса унинг танаси устидан ошиб, симлар орасидан ўтишга муваффақ бўлади. У кейинчалик берган интервьюларида қочиб чиқиши учун бир маҳбус ҳалок бўлгани ҳаётидаги энг даҳшатли лаҳзалардан бири эканини айтади.
Батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
Холматова Мухлиса