Гаитида қуролли тўда ҳужуми оқибатида 47 киши ҳалок бўлди
Олам
−
09:19 518 2 дақиқа
Гаити пойтахти Порт-о-Пренс яқинидаги Кенскофф ҳудудида қуролли бандаларнинг тунги ҳужуми оқибатида камида 47 киши ҳалок бўлди, яна 22 киши жароҳат олди. Бу ҳақда БМТ хабар қилди.
БМТнинг Гаитидги интеграциялашган офиси маълумотига кўра, қурбонлар сони ҳали ўзгариши мумкин. Пойтахтга олиб борувчи йўллар устидан жойлашган Кенскофф ҳудуди ўтган йилдан бери қуролли тўдаларнинг ўндан ортиқ ҳужумига учраган ва минглаб аҳоли уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Гаити ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти RNDDH ҳужум оқибатида 30–40 киши ҳалок бўлгани, 15–20 киши жароҳатланганини билдирган. Ҳужум маҳаллий вақт билан соат 22:30 атрофида бошланган.
Ҳукумат ҳужумни “жирканч жиноят” деб атаб, хавфсизлик чораларини кучайтиришга ваъда берган. Бироқ маҳаллий аҳоли полиция ходимлари қурбонларни ҳимоя қила олмаганини билдириб, ҳудудий полиция раҳбарининг истеъфосини талаб қилган.
Кенскоффда 2025 йил бошида икки ой давомида содир бўлган ҳужумларда БМТ маълумотларига кўра, 260 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 200 та уй вайрон қилинган ёки ёқиб юборилган ва 3 минг киши ўз уйини тарк этган. Кейинги даврда ҳам бу ерда зўравонлик, одам ўғирлаш, уйларга ўт қўйиш ва чорва молларини ўғирлаш каби ҳолатлар давом этган.
Ҳудуд Петьон-Вильга олиб борувчи йўллар яқинида жойлашган бўлиб, у ерда бир қатор элчихоналар, қиммат меҳмонхоналар ва ҳукуматнинг вақтинчалик қароргоҳи бор. Зўравонликнинг кучайиши Гаитининг декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилган президентлик сайловларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Бу мамлакатда қарийб ўн йил ичидаги биринчи сайлов бўлиши кутилмоқда.
БМТ кўмагида ташкил этилган Бандаларга қарши курашиш кучлари кузга қадар 5,5 мингдан ортиқ ҳарбийга етказилиши режалаштирилган. Улар Гаити полициясига қуролли бандаларга қарши курашда ёрдам бериши керак.
Live
Барчаси