Гаагада Исроилга қарши суд бошланди
Олам
−
11 Январь
5705Бугун, 11 январь куни Гаагадаги Халқаро судда Жанубий Африка Республикаси даъвоси бўйича Исроилга қарши ишни кўриб чиқиш бошланди. Бу ҳақда “ The Jerusalem Post” хабар берди.
Халқаро судда 11-12 январь кунлари Ғазо секторида геноцид конвенциясини бузганликда айбланаётган Исроилга қарши даъво юзасидан тингловлар бўлиб ўтади.
Бугун 20 дан ортиқ кишидан иборат Жанубий Африка делегацияси Тинчлик саройидаги йиғилишда нутқ сўзлайди. Унга Жанубий Африка Адлия ва ахлоқ тузатиш хизматлари вазири Роналд Ламола бошчилик қилади.
Суд мажлисларида 15 нафар судялар ҳайъати иштирок этади. Йиғилишда Исроил делегацияси ҳам иштирок этади ва эртага, 12 январь куни сўзга чиқади.
Маълумот учун, Жанубий Африка 2023 йил 29 декабрь куни Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари ва “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисида”ги конвенцияни бузганлиги юзасидан Гаагадаги Халқаро судга мурожаат қилган. Даъвода суддан Исроилнинг Геноцид конвенциясини ва ундан келиб чиқадиган мажбуриятларни бузадиган барча ҳаракатларни дарҳол тўхтатиши сўралган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса Халқаро судга даъво аризаси берилиши мамлакатининг принципиал позициясини ифодалашини билдирганди. Исроил Президенти Ицхак Герцог эса АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувда Жанубий Африканинг яҳудий давлатини Гаагадаги Халқаро Судга берган даъвосини "даҳшатли ва кулгили" деб атади. Блинкен Тель-Авивдаги матбуот анжуманида АҚШ Исроилга қарши Халқаро судга киритилган даъво аризаси жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилишдан чалғитмоқда, деб ҳисоблашини айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь