Рамафоса ЖАР нега Исроилни судга берганини айтди

Олам

image

Жанубий Африка Республикасининг Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилиб, Исроилга қарши Халқаро судга даъво аризаси бериши Жанубий Африканинг принципиал позициясини ифодалайди. Бу ҳақда Африка мамлакати Президенти Сирил Рамафоса Мбомбела шаҳрида ҳукмрон “Африка миллий конгресси” партияси ташкил этилганининг 112 йиллигини нишонлаётган фаоллар олдида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

“Биз инсон ҳуқуқлари масаласида қатъий позицияни эгаллаймиз ва бу борада бутун дунё учун намуна бўламиз. Исроилга қарши геноцид жиноятлари учун энг юқори жаҳон судига даъво аризаси бериш бизнинг принципиал қароримиздир”, дейди давлат раҳбари. 

"Фаластин халқи ҳозир бомбардимон қилинмоқда. Фаластинликлар ўлдирилмоқда, Исроилда апартеид ҳукм сурмоқда. Ва биз фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун чиқишга мажбур бўлдик", дея таъкидлади Рамафоса. 

У Жанубий Африканинг биринчи президенти Нельсон Манделага ишора қилиб, агар фаластинликлар ҳам озод бўлмаса, Жанубий Африка Республикасининг мустақиллиги ҳақиқатда амалга ошмаслигини қўшимча қилди. 

"Баъзи одамлар буни хавфли деб айтади. Биз кичик давлатмиз, кичик иқтисодиётимиз бор, лекин биз инсонийлик тамойилларига содиқмиз. Жанубий Африка ўзининг ташқи сиёсатида изчил бўлиб қолмоқда, унинг асосий тамойилларидан бири шундаки, музокаралар низоларни ҳал қилишнинг энг яхши усули", дейди Президент Рамафоса.

Маълумот учун, Жанубий Африка 2023 йил 29 декабрь куни Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари ва “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисида”ги конвенцияни бузганлиги юзасидан Гаагадаги Халқаро судга мурожаат қилган. Даъво суддан Исроил Геноцид конвенциясини ва ундан келиб чиқадиган мажбуриятларни бузадиган барча ҳаракатларни дарҳол тўхтатишни сўрайди.

Жорий йилнинг 11 январь куни Гаагада Жанубий Африканинг даъвоси бўйича биринчи эшитувлар бошланади. Шу куни Жанубий Африкани ҳимоя қилувчи бир гуруҳ адвокатлар ўзининг далилларини  тақдим этади. Жанубий Африка ҳуқуқий доираларига кўра, уларнинг вакиллари, биринчи навбатда, суддан вақтинчалик чора сифатида Исроилнинг Ғазо секторидаги барча ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиш тўғрисида буйруқ чиқаришни сўрайди. Шундан сўнг, жанубий африкалик адвокатлар ишни моҳияти бўйича кўриб чиқишга тайёр.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил Президенти Ицхак Герцог АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувда Жанубий Африканинг яҳудий давлатини Гаагадаги Халқаро судга берган даъвосини "даҳшатли ва кулгили" деб атаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил ЖАР Рамафоса

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг