G7 нинг Украина бўйича режалари Россия хавфсизлигига тажовуз – Кремль

Олам

image

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков G7 давлатларининг Украинага хавфсизлик кафолатларини бериш нияти нотўғри ва хавфлилиги, бу йўл билан G7 мамлакатлари Россия хавфсизлигига тажовуз қилаётганини айтди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

"Украинанинг НАТОга қўшилиши мавзусига биз жуда салбий муносабатдамиз. Бу мавзу G7 мамлакатлари бугун хавфсизлик кафолатларини беради ва Украинага нисбатан бу ҳақиқатни айтади деган баёнот билан бевосита боғлиқ. Биз буни ўта нотўғри ва потенциал ўта хавфли, деб ҳисоблаймиз”, дейди Кремль матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, G7 давлатлари Украинага ҳар қандай хавфсизлик кафолатларини тақдим этар экан, хавфсизликнинг бўлинмаслиги ҳақидаги халқаро тамойилга эътибор бермаяпти.

"Яъни, Украинага хавфсизлик кафолатларини бериш орқали улар Россия хавфсизлигига тажовуз қилмоқда", дейди у.

Шунингдек, Песков НАТОнинг Москва ва Пекин ҳамкорлигида альянс ўзига таҳдид кўраётгани ҳақидаги баёнотларига изоҳ берган.

“Бундай баёнотлар Россия-Хитой муносабатларининг моҳиятини нотўғри тушунишни англатади. Бизнинг муносабатларимиз ҳеч қандай тарзда учинчи давлатларга ёки иттифоқларга қарши қаратилган эмас. Шунга қарамай, биз табиатан тажовузкор бўлган иттифоқлар ҳақида гапиряпмиз. Бу барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун яратилган, ўйлаб топилган ва ишлаб чиқилган иттифоқ эмас. Бу ҳужумкор, беқарорлик ва тажовузни келтириб чиқарадиган иттифоқ”, дейди Песков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия канцлери Олаф Шольц G7 давлатларининг уруш тугагандан кейин Украинага хавфсизлик кафолатларини бериш масаласи бўйича қўшма декларациясини эълон қилганди.

Кеча, 11 июль куни эса Литва пойтахти Вильнюсда бўлиб ўтган НАТО саммитида альянсга аъзо давлатлар Хитойнинг “таҳдидли хатти-ҳаракати”дан ўзларини ҳимоя қилиш учун ҳамкорлик қилишга келишиб олганди. 

Ўз навбатида, Хитой НАТОнинг ўз манфаатларига зарар келтирувчи ҳар қандай ҳаракатларини қатъий рад этиб чиқди.

Қайд этиш жоизки, 2022 йилнинг 29-30 июнь кунлари Мадридда бўлиб ўтган НАТО саммитида альянс Россия ва Хитой ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишини НАТО қадриятларига зид деб ҳисоблаганди. 

Альянс Хитойни глобал логистика ва иқтисодиётни назорат қилиш орқали ўрнатилган дунё тартибини бузишга интилаётганини таъкидламоқда. 

Мадрид саммитида қабул қилинган стратегик концепцияга мувофиқ, Москва ташкилот ҳамкорлари қаторидан чиқарилди, блок Хитойга қарши туриш, Осиё-Тинч океани минтақаси ва постсовет ҳудудида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ўзининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ниятидалигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина хавфсизлик кафолатлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг