G20 саммитида Парагвай Президентининг тоби қочиб қолди
Олам
−
19 Ноябрь
3980Парагвай Президенти Сантьяго Пенья Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтаётган G20 саммити давомида кутилмаганда кўкрак қафасидаги оғриқлар сабаб шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Парагвайнинг “Última Hora” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, 46 ёшли давлат раҳбари дастлаб Замонавий санъат музейида жойлашган тиббий марказда шифокорлар жамоаси томонидан кўрикдан ўтказилган. Электрокардиография натижасида юрак фаолиятида аномалия аниқлангани сабабли уни хусусий шифохонага олиб боришга қарор қилинган. У олиб борилган тиббий марказда аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебреисус ҳам даволанган.
Парагвай вице-президенти Педро Аллиана Сантьяго Пенья билан боғлангани ҳақида маълум қилган.
“Ҳозирда Президент Рио-де-Жанейро шаҳридаги “Hospital Samaritano” клиникасида енгил ноқулайлик сабаб кўрикдан ўтмоқда”, дейди у.
Кеча, 18 ноябрь куни соат 23:00 атрофида “Hospital Samaritano Bota” тиббиёт маркази Президент ҳолати ҳақида тиббий маълумотнома эълон қилган. Унга кўра, давлат етакчисининг ҳолати яхши ва барқарор.
Маълумот учун, Бразилияда ўтаётган G20 саммитида жами 42 давлат вакиллари иштирок этмоқда. У жорий йилнинг 18-19 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рио-де-Жанеро шаҳридаги Замонавий санъат музейида G20 саммити бошланиши хабар қилинган эди. Унга барча G20 мамлакатлари ҳамда Миср, Испания, Қатар, Колумбия, Норвегия ва Сингапур каби бошқа давлатлар раҳбарлари ҳам таклиф қилинган. Маълумотларга кўра, Украина етакчиси Владимир Зеленский саммитга таклиф қилинмаган. Германия канцлери Олаф Шольц бундан афсусда эканини билдириб, Зеленскийга G20 саммити учун таклифнома юборишдан бош тортишни жиддий муаммо деб атаган.
LiveБарчаси