ФВВ қуёш уришидан сақланиш бўйича тавсиялар берди
Жамият
−
25 Июль
4478Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кунлар кескин исиб кетиши сабабли юз бериши мумкин бўлган қуёш уриши ҳолатларидан сақланиш бўйича тавсиялар берди.
Маълумки, об-ҳавонинг кескин исиб кетиши айниқса болалар, қариялар ва беморларга оғир таъсир қилади. Ҳатто соғлом одамлар ҳам баъзи бир қоидаларга риоя этишларига тўғри келади. Қуёш уриши очиқ ҳавода тўғри тушадиган қуёш нурлари остида содир бўлади, лекин иссиқ таъсир қилгандан сўнг 6-8 соат ўтиб ҳам бошланиши мумкин.
ФВВга кўра, қуёш уришидан сақланиш учун бир нечта қоидаларга риоя этиш зарур:
-
Иложи борича соат 10:00 дан 17:00 га қадар тик тушадиган қуёш нурлари остида бўлмаслик.
-
Табиий матолар (пахта, каноп ва бошқалар) дан тайёрланган кийим кийиш.
-
Албатта, енгил, ёрқин рангли бош кийим кийиш. Кўзга қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш.
-
Сув ичиш режимига амал қилиш. Тартибсиз кўп миқдорда сув ичиш фақат чанқоқни яхши босмайди, лекин юракни зўриқтиради.
-
Қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлардан фойдаланиш.
-
Қуёшда бўлиб қайтгандан сўнг, душ қабул қилиш ёки ҳўл сочиқ билан артиниш.
-
Оч қоринга ёки овқат егандан сўнг дарҳол қуёш остида бўлмаслик.
Қуёш уриши ёки иссиқ уриши белгилари:
-
дармонсизлик, чарчоқ, бош оғриғи ва чанқаш кузатилади;
-
бош айланиши, қулоқларда шовқин, бутун танада оғриқ бўлиб, пульс ва нафас тезлашади. Айрим пайтларда кўнгил айниши ва қусиш кузатилиши мумкин. Терлаш кучаяди, бурундан қон кетиши мумкин.
-
юрак-қон томир фаолияти ва нафас олиш кескин бузилади, ҳушини йўқотиши мумкин.
-
айрим пайтларда тутқаноқ тутиши, алаҳсираш, галлюцинация кузатилиши мумкин.
Қуёш уришининг оғир шаклида тер ажралиши тўхтайди, агарда беморга тиббий ёрдам кўрсатилмаса, нафас ва юрак тўхташи мумкин.
Қуёш ёки иссиқ урганда биринчи тиббий ёрдам
Қайд этилишича, биринчи тиббий ёрдамни тўғри кўрсатиш инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Асосийси, киши ўзини йўқотмасдан ҳаммасини тўғри ва тез бажариш зарур.
-
беморни салқин жойга ўтказиш, чалқанча ётқизиш, бошини салгина кўтариб қўйиш, кийимларини ечиш, бутунлай тинч муҳит яратиш ва тоза ҳаво келишини таъминлаш;
-
агар бемор ҳушида бўлса аччиқ чой ёки совуқ сув ичириш, (яхшиси сувга 0,5 литрга 0,5 чой қошиқда туз қўшиш);
-
бошини совуқ сув билан ҳўллаш ёки бошига нам сочиқ қўйиш;
-
оғир ҳолатларда беморни ҳўлланган чойшаб билан ўраб қўйиш ёки устидан совуқ сув қуйиб туриш мумкин, лекин эҳтиёт бўлиш керак (тана ҳарорати 30 градусдан тушиб кетмаслиги керак). Агар иложи бўлса қон томирлари кўп бўлган қўлтиқ ости, чов ва тизза орқасига муз ёки совуқ сув тўлдирилган идиш қўйиш керак;
-
қуёш ёки иссиқ урган беморларни яқин ўртадаги даволаш муассасасига олиб бориш зарур. Оғир ҳолларда эса зудлик билан тез ёрдам бригадасини чақириш зарур.Об-ҳавонинг кескин исиб кетиши айниқса болалар, қариялар ва беморларга оғир таъсир қилади. Ҳатто соғлом одамлар ҳам баъзи бир қоидаларга риоя этишларига тўғри келади. Қуёш уриши очиқ ҳавода тўғри тушадиган қуёш нурлари остида содир бўлади, лекин иссиқ таъсир қилгандан сўнг 6-8 соат ўтиб ҳам бошланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет 25-29 июль кунлари Ўзбекистон бўйича жуда иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилаётганини маълум қилганди.
Чарос Ўралова