Футболчилар Ла Лигага қарши юриш бошлади
Спорт
−
18 Октябрь 2025 3832 1 дақиқа
Кеча, 17 октябрь куни Испания Ла Лигасининг 9-тури доирасида бўлиб ўтган “Реал Овьедо” – “Эспаньол” учрашуви бошида футболчилар дастлабки 20 сония давомида тўпга тегмай, ўйинни тўхтатиб турди. Улар бу ҳаракат орқали Ла Лига раҳбариятининг “Барселона” – “Вильярреал” ўйинини АҚШда ўтказиш қарорига норозилик билдиришди. Бу ҳақда AS нашри хабар берди.
Манбага кўра, бу рамзий ҳаракат Испания футболчилари касаба уюшмаси (AFE) ташаббуси билан ўтказилди. AFE ва жамоа сардорлари АҚШнинг Майами шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Барселона” – “Вилярреал” учрашувига қарши чиқишмоқда. Уларнинг фикрича, бу лойиҳа футболчиларнинг розилигисиз амалга оширилмоқда.
“Ла Лигада шаффофлик, мулоқот ва изчиллик етишмаяпти. Спортчиларни четлаб ўтиш уларнинг ҳуқуқларини бузишдир”, дейилади AFE баёнотида.
Ла Лига раҳбарияти эса можаро юмшаши учун AFE билан учрашув ўтказишга тайёрлигини билдирган, бироқ томонлар вақт борасида келишувга эришолмади. Шу тариқа, Майамида ўтказилиши режалаштирилган Ла Лига баҳси раҳбарият ва футболчилар ўртасидаги жиддий тўқнашувларни келтириб чиқармоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испания Ла Лигаси доирасидаги “Барселона” –“Вильярреал” ўйини тарихда илк бор мамлакат ташқарисида, Майамида ўтказилиши тўғрисида хабар берилган эди.