Ла Лига учрашуви илк бор АҚШда бўлиб ўтади
Спорт
−
07 Октябрь 2087
UEFA жорий йилнинг декабрь ойида АҚШда Ла Лига ўйини ўтказилишига тўсқинлик қилмаслигини тасдиқлади. Мазкур қарорга кўра, “Вильярреал” – “Барселона” учрашуви 20 декабрь куни Майамидаги “Хард Рок” стадионида бўлиб ўтади. Бу ҳақда ESPN нашри хабар берди.
Аввалига “сариқ сувости кемаси” ва каталонияликлар ўйинини “Ла Серамика” стадионида ўтказиш режалаштирилган эди. Бироқ томонлар учрашувни АҚШда ўтказиш борасида келишувга эришди. Таклифни Ла Лига, Испания Қироллик Футбол Федерацияси ва эндиликда UEFA ҳам маъқуллади. Бироқ UEFA бу қарорни истамай туриб қабул қилганини билдирди.
Сўнгги саммитдан сўнг UEFA маслаҳатлашув даврини эълон қилди. Шунга қарамай, манфаатдор томонларнинг аксарияти ички лига ўйинларини хорижда ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватламаган. Мазкур қарор билан бир қаторда, Италия А Серияси ҳам 2026 йил январь ойида “Комо” ва “Милан” ўртасидаги ўйинни Австралияда ўтказишни режалаштираётгани маълум қилинди.
UEFA амалдаги қоидаларга кўра бундай сўровни рад этиш учун етарли асос йўқлигини таъкидлади ва шу сабабли ўйинни “истамай” маъқуллаганини билдирди. Шу билан бирга, ташкилот келажакда бундай таклифларни чеклаш учун янги қоидалар ишлаб чиқишини маълум қилди.
UEFA президенти Александер Чеферин ички лигаларни ўз мамлакатларида сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади.
“Лига ўйинлари ўз майдонида ўтказилиши керак. Акс ҳолда, содиқ мухлислар ўз ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва бу мусобақаларда бузувчи элементлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Маслаҳатлашувларимиз бу хавотирларнинг жиддийлигини тасдиқлади. 55 та миллий ассоциацияга бу масалада конструктив ёндашгани учун миннатдорлик билдираман. Бизнинг асосий мақсадимиз миллий лигаларнинг яхлитлигини ҳимоя қилиш ва футболни ўз уй шароитида сақлаб қолишдир”, дейди Чеферин.
Маълумот учун, 2018 йилда Ла Лига президенти Хавер Тебас АҚШда ўйин ўтказиш ташаббусини эълон қилган эди. Ўшанда Ла Лига доирасидаги “Барселона” ва “Жирона” ўртасидаги ўйинни Майамида ўтказиш режалаштирилган, бироқ айрим сабабларга кўра кейинчалик бу учрашув Испанияда ўтказилган.
Live
Барчаси