Фурқат туманига янги ҳоким тайинланди
Жамият
−
07 Август
5697Фарғона вилоятидаги Фурқат туманига Элёрбек Асронқулов ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 7 август куни Халқ депутатлари Фурқат туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Сессия ишида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этган. Сессияда лавозимидан озод этилган Жаҳонгир Жуманов ўрнига янги туман ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилган.
"Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан тақдим этилган Элёрбек Мадаминович Асронқулов номзоди Фурқат тумани депутатлари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди ва ҳозирга қадар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган Элёрбек Асронқулов Фурқат тумани ҳокими этиб тасдиқланди", дейилади хабарда.
Маълумот учун, Элёрбек Асронқулов 1985 йилда Бағдод туманида туғилган. Фарғона политехника институтини иқтисодчи мутахассислиги билан тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2011 йилда Пенсия жамғармаси Бағдод тумани бўлими инспектори вазифасида бошлаган. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Фарғона вилояти бошқармасида бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2019-2020 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ижро этувчи аппаратида фаолият олиб борган. 2020-2023 йилларда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи бўлган.
У 2023 йил 20 августдан бери Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келаётганди.
Эслатиб ўтамиз, 17 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Бош вазир Абдулла Ариповнинг Фурқат туманининг олдинги ҳокими Жаҳонгир Жумановни ишдан олиш бўйича таклифи қўллаб-қувватланганди.
LiveБарчаси