Францияда ўсмирнинг ўлими туфайли полициячиларга ҳужум қилинди
Олам
−
18 Март
3868Кеча, 17 март куни Париж яқинидаги Ла-Курнев шаҳрида полиция амалиёти чоғида ўсмир ҳалок бўлганидан сўнг, ўнлаб ёшлар полиция бўлимига ҳужум қилди. Бу ҳақда “Le Parisien” газетаси хабар берди.
Гап шундаки, шу йилнинг 13 март куни Обервилье шаҳрида скутерда кетаётган 18 ёшли йигитни полиция машинаси уриб юборган ва бола ҳалок бўлган. Скутернинг йўловчиси ҳам жароҳат олган, бироқ тирик қолган.
Полициянинг тушунтиришича, ҳодиса ёшларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши оқибатида содир бўлган.
Франция полицияси ходимларининг баёнотларига кўра, скутер қизил чироқдан ўтиб кетган ва захирага чақирилган, скутер томон кетаётган иккинчи патруль машинасини такси уриб кетган. Полиция машинаси эса бурилишга мажбур бўлган ва скутер билан тўқнашган.
Марҳум ўсмирнинг яқинлари полицияни қасддан қотилликда айбламоқда.
Бу воқеадан сўнг кўплаб ёшлар полиция бўлимига ҳужум қилган. Ҳужум пайтида чиқинди қутилари ҳам ёқиб юборилган. Ҳужумчиларни тарқатиб юбориш учун қўшни ҳудудлардан ёрдам чақирилган. Олти киши ҳибсга олинган. Бунгача ижтимоий тармоқларда йигитнинг ўлими учун қасос олишга чақириқлар пайдо бўлган эди.
Қайд этиш керак, бу Париждаги ўсмирлар ўлими билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Журналистларнинг қайд этишича, бу ҳолат 2023 йил ёзи бошида Париж яқинидаги полиция назорат пунктида 17 ёшли ўсмирнинг ўлимини эслатади. Бунинг ортидан Францияни кетма-кет бир неча кеча давомида ларзага келтирган ва миллионлаб доллар зарар келтирган полиция зўравонлиги ва жиддий тартибсизликларга қарши норозилик намойишлари бошланганди.
Воқеадан сўнг Франция ҳукумати вояга етмаган жиноятчилар ва уларнинг ота-оналарига нисбатан жазони кучайтириш билан таҳдид қилган.
LiveБарчаси