Францияда ўғирлаб кетилган “Anorbank” раҳбари қидирувга берилди – ОАВ

3-саҳифа

image

2025 йилнинг ёзида Францияда ўғирлаб кетилгани ва қийноққа солингани айтилган Қаҳрамонжон Олимовнинг ўзи одам ўғирлашда айбланмоқда. Маълумотларга кўра, Олимов Ўзбекистонда сиртдан қамоққа олинган ва халқаро қидирувга берилган. Бу ҳақда Олимовга яқин манбага таяниб, “The Insider” хабар берди.  

Қайд этилишича, иш бўйича расмий маълумотлар мавжуд эмас, бироқ “The Insider” манбасининг хабар беришича, Олимов собиқ иш берувчиси ва иқтисодий низодаги рақиби Ботир Раҳимовни жиноят ташкилотчиси сифатида кўрсатиш учун Францияда ўзини ўғирлашларини саҳналаштирган бўлиши мумкин. 2025 йилнинг ноябрь ойида “The Insider” ва Франциянинг “L’Express” нашрлари Олимов тақдим этган талқинда кўплаб зиддиятлар ва сохталаштириш аломатларини аниқлаган. Хусусан, гўёки озод қилинганидан сўнг банкир ўзини ўғирлаган шахс деб атаган одам билан дўстона ёзишган, сўнгра қўлга олинишининг олдини олиш учун уни полиция ҳақида огоҳлантириб, “узоқроқ юришни” сўраган.

Нашрнинг ёзишича, эндиликда Олимов Раҳимовни ўзини ўғирлашда айблаб, унга туҳмат қилганликда, сўнг Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари ёрдамида Раҳимовни жиноий таъқиб қилиш таҳдиди остида молиявий даъволардан воз кечишга мажбурлаш учун унинг ўзини ўғирлашни ташкил этганликда айбланмоқда. Раҳимов аввалроқ Олимовга нисбатан молиявий даъволар билдириб, уни ўзига тегишли бизнес-активларни ўзлаштириб олишда айблаган ва 200 миллион доллардан ортиқ товон пули талаб қилган.

Одам ўғирланишининг саҳналаштирилиши

2025 йилнинг ёзида Олимов уни Париж марказида ўғирлаб кетишганини, аввал номаълум жойга, сўнг Ницца яқинидаги виллага олиб бориб, у ерда калтаклашгани, қийноққа солишгани ва 10 миллион доллар талаб қилишганини маълум қилган. Унинг талқинига кўра, у 5 миллион долларлик тилхат ёзиб беришга ва 200 минг доллар топширишга рози бўлгач, ўғрилар уни қўйиб юборган. Парижга қайтгач, Олимов полицияга мурожаат қилган.

Бироқ “The Insider” ва “L’Express”нинг биргаликдаги суриштируви бу талқинга мос келмайдиган бир қатор ҳолатларни аниқлаган. Олимов гўёки ушлаб турилган вилла Олимовнинг яқин шеригининг ҳужжатларидан фойдаланилган ҳолда воситачи орқали ижарага олинган. Озод қилинганидан сўнг, Олимовнинг Парижга қайтиш учун биринчи класс чиптасини банкир ўғирликнинг бевосита иштирокчиси деб атаган М. исмли шахснинг ҳайдовчиси тўлаган. Полицияга мурожаат қилганидан кейин ҳам Олимов М. билан дўстона ёзишишни давом эттирган ва кўп соатлик сўроқ пайтида у билан 200 минг долларни топширишни муҳокама қилган.

Ёзишмалар кейинчалик ҳам давом этган. М. Олимовдан полиция содир бўлган воқеа саҳналаштирилганини тушундими деб сўраганида, у жавоб бермаган. Бир неча кундан сўнг Олимов унга ораларида “адоват йўқлигини” ёзган ва М. нинг қўлга олинмаганидан енгил тортишини билдирган. Тахминий қийноқлардан саккиз кун ўтиб ўтказилган тиббий кўрик Олимовда фақат келиб чиқиши номаълум бўлган арзимас лат ейиш ва шилинган жойларни қайд этган.

Суриштирувда, шунингдек, Олимов ва унинг собиқ иш берувчиси Ботир Раҳимов ўртасида кўп йиллик молиявий низо мавжудлигини аниқланган. 

“Раҳимов 2016 йилда Ўзбекистондан Туркияга кетиб қолгач, унинг бизнесининг салмоқли қисми Олимов бошқарувига ўтган, сўнгра Олимов томонидан мажбурлаб ўтказилган ва Раҳимов кейинчалик ўта манфаатсиз деб ҳисоблаган битим натижасида унга ўтиб кетган. Ўзбекистонга қайтгач, Раҳимов уни қайта кўриб чиқишга эриша бошлади ва Олимовдан 200 миллион доллардан ортиқ товон пули талаб қилди. Бу воқеалар фонида 2025 йилнинг ёзида Олимовнинг ўғирланиши ҳақидаги воқеа пайдо бўлди ва у бунинг ташкилотчиси сифатида амалда Раҳимовга алоқадор одамларни айблади”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Қаҳрамонжон Олимов Ўзбекистоннинг таниқли молиячиларидан бири. У 1977 йилда туғилган, 1999 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Шунингдек, 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Бизнес мактабида таҳсил олиб, бизнес бошқаруви бўйича магистр даражасини қўлга киритган. У Ўзбекистонда хусусий банк секторида фаолият юритувчи энг муҳим шахслар қаторига киради. Ҳозирда “Anorbank” акциядорлик жамиятининг асосий акционерларидан бири ва Кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг июль ойида “Le Monde” “Anorbank” раҳбари 49 ёшли Қаҳрамонжон Олимов Францияда ўғирлаб кетилганини ёзган эди. Кейинроқ, QALAMPIR.UZ ҳолат бўйича изоҳ олиш учун банк билан боғланганди. “Anorbank” расмийси шундай ҳодиса рўй берганини тасдиқлаган эди ва Олимов озодликка чиқиш учун ўз шахсий пулларини ишлатгани, ҳодисанинг банкка омонот қўйган мижозларнинг пулига алоқаси йўқлиги билдирганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг