Францияда норозилик намойишчилари 3 миллиондан ошиб кетди (видео)
Олам
−
24 Март 2023
5587Кеча, 23 март куни Францияда пенсия ислоҳотига қарши тўққизинчи оммавий норозилик намойишлари ўтказилди. Уларда 150 га яқин ҳуқуқ-тартибот ходими яраланди, 170 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Франция Ички ишлар вазирлиги намойишларда миллиондан ортиқ одам қатнашганини даъво қилган бўлсада, касаба уюшмалари бунга зид рақамларни эълон қилиб, 3,5 миллионга яқин мухолиф кўчаларга чиққанини айтган.
Намойишлар кечга яқин оммавий зўравонлик ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетган. Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен агрессив намойишчиларнинг аксарияти ўта чап қанот вакиллари эканини маълум қилган.
Манбага кўра, Президент Эммануэль Макрон халқ ғазаби оловига мой қуйган. У 22 март куни телевидениега берган интервьюсида ҳукуматни ҳимоя қилиб, пенсия ислоҳотлари зарур эканини таъкидлаган эди.
Ҳукумат ўзгаришлар 2030 йилда пенсия тизимидаги 13,5 миллиард евролик бўшлиқнинг олдини олиш учун зарурлигини таъкидламоқда. Аммо касаба уюшмалари дам олиш кунларида кўпроқ ҳаракат қилишга чақирган. Ташкилот томонидан 28 март куни яна бир умуммиллий митинг ўтказилиши эълон қилинган. Уюшма аъзолари ислоҳотни рад этиш фикрида қатъий қолмоқда.
LiveБарчаси