Франция Украинада дрон ишлаб чиқармоқчи
Олам
−
07 Июнь 3393 2 дақиқа
Франция компаниялари Украина ҳудудида дронлар ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу ҳақда Франция Мудофаа вазири Себастьен Лекорнюга таяниб, “Le Monde” хабар берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, бу лойиҳа Франциянинг етакчи автомобилсозлик компанияларидан бири (унинг номи ошкор қилинмаган) билан ҳарбий саноатнинг кичик ёки ўрта корхонаси ҳамкорлигида амалга оширилади.
“Улар биргаликда Украинада ишлаб чиқариш қувватларини яратадилар, айнан шу ерда дронлар йиғилади”, деган Лекорню.
Вазир дронларнинг аниқ тури ёки вазифасини айтмаган бўлса-да, уларнинг бир қисми Украина армиясига, қолганлари эса Францияда фойдаланиш учун мўлжалланишини маълум қилган. Унга кўра, француз армияси бу дронлардан реал жанговар шароитларга яқин машғулотлар давомида фойдаланади.
Шунингдек, Лекорню Украинада очиладиган заводларда украиналик мутахассислар ишлашини алоҳида таъкидлаган. Унинг фикрича, Украина дронлар ишлаб чиқиш ва уларни жанговар шароитда қўллаш бўйича юқори салоҳиятга эга.
“Украиналиклар нафақат дронлар яратишда, балки улар учун замонавий жанговар доктриналар ишлаб чиқишда ҳам биздан устун”, деган Мудофаа вазири.
Бу баёнот Лекорнюнинг 5 июнь куни Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров билан бўлиб ўтган учрашувидан кейин эълон қилинган. Музокараларда ҳарбий-саноат ҳамкорлигини кенгайтириш, жумладан Франция компанияларининг Украина Қуролли кучлари учун дронлар ишлаб чиқаришда иштироки муҳокама қилинган.
“Биз энг яхши ишлаб чиқарувчиларга имконият яратишга тайёрмиз. Украинада жанговар тажриба бор, Францияда эса кучли саноат базаси. Бу икки томонлама фойдали ва стратегик ҳамкорлик”, деган Умаров.
Вазирлар, шунингдек, бошқа турдаги қуроллар, жумладан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ҳамкорликда ишлаб чиқариш масалаларини ҳам муҳокама қилган. Ускуналар Украинада ёки Францияда йиғилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бир қатор Европа давлатлари АҚШ ҳарбий ёрдамни тўхтатиши мумкинлиги сабабли Украинада қурол ишлаб чиқаришга сармоя киритишни бошламоқчилиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси