Европа Украинада қурол ишлаб чиқармоқчи
Олам
−
19 Апрель
2671Бир қатор Европа давлатлари АҚШ ҳарбий ёрдамни тўхтатиши мумкинлиги сабабли Украинада қурол ишлаб чиқаришга сармоя киритишни бошламоқчи. Бу ҳақда америкалик расмийларга таянган ҳолда “The Washington Post” нашри хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Европанинг кўплаб давлатлари Украинани кўп йилдан буён қўллаб-қувватлаётгани туфайли ўз ҳудудида қурол-яроғ захираларининг тугашига дуч келмоқда. Шу муносабат билан улар Украина ҳарбий-саноат комплексини тиклаш йўли билан можаро зонасига техника етказиб беришдан воз кечиши мумкин.
Газетанинг ёзишича, Киев Американинг аввалги маъмурияти унга берган деярли барча техника ва ўқ-дорилардан айрилган. Шу билан бирга, АҚШнинг ҳозирги ҳукумати Украинага ёрдам беришни тўхтатиши мумкин.
Манбага кўра, агар Европа давлатлари Украина ҳарбий-саноат мажмуасига сармоя киритишни бошласа, улар бу мамлакатдан “синов майдони” сифатида фойдаланиши ҳам мумкин. Шу жумладан, гап янги дронларни ишлаб чиқиш ва қўллаш ҳақида ҳам кетмоқда.
Маълумот учун, Европа Иттифоқи мамлакатлари Украинага 2025 йил учун 23 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратган. 2024 йилда Киев АҚШ билан биргаликда Европа мамлакатларидан 40 миллиард еврогача пул олган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио кеча, 18 апрель куни Парижда Украина ва Европа етакчилари билан учрашувдан сўнг, яқин кунларда Россия ва Украина ўртасида тинчлик битимига эришишда силжиш бўлмаса, АҚШ воситачилик саъй-ҳаракатларини тўхтатишини билдирганди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги уч йил давомида АҚШ Украина тарафида бўлган, ҳозир эса можаронинг тугашини истайди.
LiveБарчаси