Франция Россия разведкасининг баёнотини рад этди
Олам
−
20 Март
7734Аввалроқ Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин Франция Украинага юбориш учун аскарларини тайёрлаётганини айтиб чиққанди. Франция Мудофаа вазирлиги Наришкиннинг бу баёнотини “дезинформация” деб атади. Бу ҳақдаги тегишли баёнот вазирликнинг Х’даги саҳифасида эълон қилинди.
“Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин эълон қилган маълумотлар Россиянинг оммавий дезинформациядан тизимли фойдаланаётганига яна бир мисолдир”, дейилади баёнотда.
Франция Мудофаа вазирлиги "бундай кампаниялардан восита сифатида фойдаланишнинг олдини олиш учун максимал даражада ҳушёр бўлишга" чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Макрон 26 февраль куни Парижда бўлиб ўтган йиғилишда 20 га яқин Ғарб давлати вакиллари Россия Федерацияси билан можарода Украинани янада қўллаб-қувватлашни муҳокама қилганда, Украинага Ғарб давлатларининг қуруқликдаги кучларини юбориш эҳтимоли мавзуси кўтарилганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, иштирокчилар ушбу мавзу бўйича консенсусга эриша олмаган, аммо келажакда бундай сценарийни ҳам истисно қилиб бўлмайди.
Конференциядан сўнг, иштирокчи мамлакатларнинг аксарият вакиллари Украинага қўшин юборишни режалаштирмаганликларини ва бундан ташқари, Россияга қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этишларига қарши эканини билдирди.
Франция Ташқи ишлар вазири Стефан Сежурненинг 27 февраль куни берган баёнотига кўра, Ғарб ҳарбийларининг Украина ҳудудида бўлиши муайян турдаги ёрдам кўрсатиш, жумладан, ҳудудларни миналардан тозалаш ва украиналик ҳарбий хизматчиларни тайёрлашда талаб қилиниши мумкин, бироқ бу уларнинг можарода иштирок этишини англатмайди.