Макрон Украинага қўшин юбориш ҳақидаги гапи ортидан Париж ва Киевда танқидга учради
Олам
−
28 Февраль
11347Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Украина ҳақидаги баёнотлари француз сиёсатчиларининг танқидига сабаб бўлди, Киев ҳам бундай риторикадан норози. Бу ҳақда “Politico” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, украиналиклар Макроннинг “дипломатик хабарлари”ни эмас, балки Франция етакчи ўринлардан узоқда қолиб кетган қурол етказиб беришни афзал кўради. Бундан ташқари, Франция Социалистик партияси ва ўнг марказчи Республикачилар партияси вакиллари мамлакат Президентини танқид қилди.
Хусусан, социалистлар етакчиси Оливье Фор, парламентдаги “Миллий бирлик” фракцияси раҳбари Марин Ле Пен, “Бўйсунмас Франция” партияси асосчиси Жан-Люк Меланшон, “Ватанпарварлар” етакчиси Флориан Филиппо ва республикачилар етакчиси, парламент аъзоси Эрик Сьотти Макронни қоралаган.
Нашрнинг ёзишича, сиёсатчиларнинг давлат раҳбарига қарши бундай чиқишлари мамлакат сайловчиларида акс-садо бермоқда. Бу, айниқса, июнь ойида бўлиб ўтадиган Европарламентга сайловлар яқинлашаётгани ва Макрон тарафдорлари айни дамда ўта чап ва ўта ўнгга нисбатан сезиларли даражада камроқ овоз тўплаши нуқтаи назаридан муҳим.
Маълумот учун, Макрон 26 февраль куни Парижда бўлиб ўтган йиғилишда 20 га яқин Ғарб давлати вакиллари Россия Федерацияси билан можарода Украинани янада қўллаб-қувватлашни муҳокама қилганда, Украинага Ғарб давлатларининг қуруқликдаги кучларини юбориш эҳтимоли мавзуси кўтарилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, иштирокчилар ушбу мавзу бўйича консенсусга эриша олмаган, аммо келажакда бундай сценарийни ҳам истисно қилиб бўлмайди.
Конференциядан сўнг, иштирокчи мамлакатларнинг аксарият вакиллари Украинага қўшин юборишни режалаштирмаганликларини ва бундан ташқари, Россияга қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этишларига қарши эканини билдирди.
Франция Ташқи ишлар вазири Стефан Сежурненинг кеча, 27 февраль куни берган баёнотига кўра, Ғарб ҳарбийларининг Украина ҳудудида бўлиши муайян турдаги ёрдам кўрсатиш, жумладан, ҳудудларни миналардан тозалаш ва украиналик ҳарбий хизматчиларни тайёрлашда талаб қилиниши мумкин, бироқ бу уларнинг можарода иштирок этишини англатмайди.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Макроннинг баёнотларини шарҳлар экан, агар Ғарб қўшинлари Украинага юборилса, НАТО ва Россия Федерацияси ўртасида тўғридан тўғри ҳарбий можаро муқаррар бўлишини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, НАТО давлатлари бундан хабардор бўлиши ва “бу уларнинг манфаатларига, энг муҳими, ўз мамлакатлари фуқаролари манфаатига мос келадими-йўқми, деб ўзларига савол беришлари керак”.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг альянс Украинага аскар юбориш ниятида эмаслигини айтганди. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби ҳам Президент Байден Америка қўшинларининг Украинадаги урушда иштирок этишига қарши эканини таъкидлади.
LiveБарчаси