Макрон Украинага Франция қўшинларини киритиш эҳтимолини истисно этмади
Олам
−
27 Февраль
7893Франция Президенти Эммануэль Макрон Украина ҳудудига Франция қуруқликдаги қўшинлари киритилиши мумкинлигини инкор этмади. Бу ҳақда у кеча, 26 февраль куни кечқурун Парижда Украинага ёрдам бўйича конференция якунида сўз очди.
“Бугунги кунда қуруқликдаги қўшинларни Украинага расман юбориш масаласида консенсус йўқ, аммо динамик ривожланишда ҳеч нарсани инкор этиб бўлмайди”, деган Макрон.
Франция Президенти Россиянинг бу урушда ғалаба қозонишига йўл қўймаслик учун ҳамма нарса қилинишига ишонтирган. Макрон Украина учун кўпроқ қурол-яроғ ва ресурслар беришга чақирган.
Йигирмага яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари, жумладан, Канада ва АҚШ вакиллари иштирок этган конференция бошланишидан олдин гапирган Франция Президенти бугунги кунда барчанинг хавфсизлиги “таҳдид остида” эканини таъкидлаган.
Макроннинг сўзларига кўра, Париждаги конференцияда Украинани ўрта ва узоқ масофага учувчи ракеталар, шунингдек, қисқа муддатда Европа ва учинчи давлатлардан бошқа ўқ-дорилар билан таъминлаши керак бўлган коалиция тузишга қарор қилинган. Бундан ташқари, кибермудофаа, биргаликда қурол ишлаб чиқариш ва Россиянинг Украинадаги ҳужуми билан бевосита таҳдид солинаётган мамлакатларни, хусусан, Молдовани ҳимоя қилиш бўйича ташаббуслар келишиб олинган.
Париждаги учрашув якунида Чехия Бош вазири Петр Фиала 15 га яқин давлат Праганинг учинчи давлатлардан артиллерия ўқ-дориларини харид қилиш ва Украинага қайта импорт қилиш ташаббусига қизиқиш билдирганини айтди. Хусусан, Нидерландия Бош вазири Марк Рютте унда иштирок этишга ва 100 миллион евро беришга тайёр эканини билдирган.
Словакия Бош вазири Роберт Фико Макрон томонидан чақирилган конференция учун Парижга жўнаб кетишдан олдин Братиславада сўзлаган нутқида, баъзи Ғарб давлатлари ўз аскарларини икки томонлама шартномалар асосида Украина ҳудудига юборишни кўриб чиқаётганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, гап “бир нечта давлатлар – НАТО ва ЕИ аъзолари” ҳақида кетмоқда. Бироқ Фико айнан қайси давлатлар Украинага қўшин киритмоқчилигини очиқламади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь