Франция парламентини сув босди (видео)
Олам
−
10 Октябрь
3286Франция пойтахти Парижда кучли ёмғир туфайли Миллий Ассамблеянинг (Франция парламентининг қуйи палатаси) депутатлар қабулхоналари жойлашган VII округдаги биносини сув босди. Бу ҳақда BFMTV телеканали хабар берди.
Хабарга кўра, сув босиши туфайли парламент аъзолари ва уларнинг ёрдамчилари зудлик билан эвакуация қилинган. Ушбу ҳолат парламентнинг ишини қийинлаштирган. Чунки айни пайтда мамлакатнинг 2025 йилги давлат бюджети лойиҳаси муҳокама қилиниши керак эди.
Қайд этилишича, айни дамда Парижда “Кирк” циклони туфайли фавқулодда тўқ сариқ даражадаги об-ҳаво хавфи эълон қилинган. Пойтахт мэри шаҳар аҳолисини сув тошқинлари, электр тармоқларида узилишлар ва транспорт билан боғлиқ муаммолар эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган. Об-ҳаво шароитининг ёмонлашуви сабабли, ҳукумат хавфсизликни таъминлаш учун максимал қизил хавф даражасини жорий этишни ҳам истисно қилмаяпти.
Телеканал хабарига кўра, Сена ва Марна департаменти сув тошқинларидан энг кўп зарар кўрган ҳудуд бўлиб, унда қизил даражадаги об-ҳаво хавфи эълон қилинган. Бугун, 10 октябрь куни ўнлаб оилалар эвакуация қилинган, мактаб транспорти фаолияти тўхтатилган. Куломье коммунаси кўчалари бутунлай сув остида қолган. Экологик ўзгаришлар вазири Анес Панъе-Рюнаше ҳудудга келиб, сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар йўқлигини маълум қилган.
Лекин, телеканал хабарига кўра, кеча, 9 октябрь куни кучли тўлқинлар оқибатида Эро департаменти соҳилларида бир нафар елканли қайиқчи ҳалок бўлган.
Энергия тармоқлари оператори Энедиснинг хабар беришича, кеча, 9 октябрь куни кечқурун бутун мамлакат бўйлаб 67 минг уй электрсиз қолган. Янги Аквитания, Иль-де-Франс, Рона-Альп, Бургундия-Франш-Конте ва Пейи-де-ла-Луар минтақаларида поездлар ҳаракати издан чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия пойтахти Будапештда Дунай дарёси ўзанидан тошиб кетиб, парламент биноси сув остида қолган эди.
LiveБарчаси