Венгрияда парламент биносини сув босди (видео)
Олам
−
19 Сентябрь
5078Венгрия пойтахти Будапештда Дунай дарёси ўзанидан тошиб кетиб, шаҳар марказидаги қирғоқларни сув боса бошлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Пешт шарқий текислиги тарафдаги пастки қирғоқлар ҳафта бошидан буён транспорт ҳаракати учун ёпилган. Ҳозирда сув сатҳи бир метрга яқин кўтарилган. Қирғоқ ҳудудининг бир қатор қисми билан бирга Венгрия парламенти биноси олдини ҳам сув босиб, ўриндиқларни кўмган. Чироқ устунлари ва светофорларнинг ярми сув остида қолган.
Декабрь ва июнь ойларида дарё тошқинлари пайтида сув босган “Дунай қирғоғидаги пойабзал” ёдгорлиги ҳозир ҳам чуқур сув остида қолган. Соҳил бўйлаб экилган дарахтлардан иборат хиёбон оролга айланган.
Қайд этилишича, Будапештдаги пастки қирғоқларнинг баландлиги тахминан олти метр ҳисобланади. 21 сентябрь куни Дунайда сувнинг максимал кўтарилиш даражаси тахминан 8,5 метргача етиши кутилмоқда. Шаҳар марказида дарёнинг одатий сатҳи эса 3,5 метрни ташкил қилади.
Кеча, 18 сентябрь куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан мамлакат сув тошқинининг энг оғир босқичига етганини, бу тахминан бир ҳафта ичида якунланиши кераклигини маълум қилди.
Маълумот учун, сентябрь ойи ўрталарида Марказий ва Шарқий Европада сув тошқинлари бошланди. Табиий офат аномал тарзда узоқ давом этган ёмғир туфайли бошланган. Тошқинлар Венгрия, Польша, Чехия, Словакия ва Австрияни қамраб олган. 22 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Европага урилган кучли “Борис” тўфони Италияга ҳам етиб бориб, мамлакатнинг кўп қисмида кучли ёмғир, шамол ва сув тошқинлари ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилинган эди.