Франция Нетаньяхуни ҳибсга олмайди
Олам
−
27 Ноябрь
1586Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Халқаро жиноий суд қарорига қарамай, Франция ҳудудида ҳибсга олинмайди. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
"Франция Рим статути бўйича ўз мажбуриятларига риоя қилади ва ХЖС билан тўлиқ ҳамкорлик қилади. Бироқ, Франция қонунларига кўра, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва бошқа вазирлар дахлсизликка эга бўлиб, агар ХЖС уларни ҳибсга олиш ва экстрадиция қилишни сўраса, шулар ҳисобга олинади", дейилади баёнотда.
Маълумот учун, 21 ноябрь куни ХЖC Бош вазир Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни “ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар”да ҳибсга олиш учун ордер берди. Баъзи давлатлар, хусусан, Венгрия, Австрия, Чехия ва Германия ХЖC қароридан норозилигини билдириб, унга риоя қилмасликлари мумкинлиги ҳақида баёнотлар берди. АҚШ ҳам ХЖС қарорини қоралади. Кремль воизи Дмитрий Песков эса ХЖС ҳаракати бирор нарсага ёрдам бериши даргумон эканини айтди.
Ўз навбатида, Буюк Британия, Канада ва Нидерландия агар Биньямин Нетаньяху мамлакат ҳудудига келса, уни Халқаро жиноий суд ордери бўйича ҳибсга олишини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили Жосеп Боррель Халқаро жиноий суднинг Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер бериш қарорини қўллаб-қувватламаган давлатларни ҳукмни ҳурмат қилишга чақирган ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар суд қарорини бажаришга мажбур эканини айтганди.